Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси шартнома мажбуриятини бажармаган тадбиркордан пеня ундиради
2026-05-25 10:05:00 / Янгиликлар

2025 йил 10 декабрда инспекция ва F. МЧЖ ўртасида махсус ахборот портали орқали 39***-сонли товар етказиб бериш шартномаси имзоланган эди. Шартномага мувофиқ, тадбиркор жами 520 000 000 сўмлик учувчисиз учиш аппарати (DJI Matrice 400 дрони ва унинг бутловчи қисмлари) етказиб бериш мажбуриятини олган. Инспекция томонидан тўлов тўлиқ амалга оширилган бўлса-да, товар белгиланган 20 иш куни ичида етказиб берилмади.
Низо судгача ҳал қилинмагач ва 2026 йил 7 апрелдаги талабнома жавобсиз қолгач, инспекция илгари ўтказилган 520 000 000 сўм маблағни қайтариб олди. Бироқ, маблағнинг қайтарилиши етказиб берувчини кечиккан ҳар бир кун учун жавобгарликдан озод этмайди. Мажбурият 91 кун давомида бажарилмаганлиги сабабли, шартноманинг 4.3-банди ва Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига асосан 236 600 000 сўм пеня ҳисобланди.
Тошкент туманлараро иқтисодий суди даъвогарнинг талабини қисман қондириб, 50 000 000 сўм пеня ҳамда суд харажатларини ундириш юзасидан қарор чиқарди. Бу каби қатъий чоралар тадбиркорлик субъектларининг давлат буюртмалари олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади. Назорат тизимининг бундай тартибда ишлаши шартномавий интизомни бузиш ҳолатларининг олдини олади ва давлат манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг самарали механизми бўлиб хизмат қилади.
Ж. Бозорхонов - Бош юрисконсульт
