Саноат кооперацияси ва иқтисодий ўсиш: Оҳангаронда “Миллий саноат занжири” кўргазмаси натижалари таҳлили
2026-05-19 10:05:00 / Янгиликлар

Кўргазма Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир нафақат маҳсулотлар намойиши, балки йирик саноат корхоналари ва хусусий сектор ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот майдонига айланди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Исламов ҳамда “ОКМК” АЖ Бошқаруви раиси А.Хурсанов иштирок этиб, саноат занжирида импорт ўрнини босиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашнинг стратегик аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.
Кўргазмада “НКМК” АЖ, “ОКМК” АЖ, “Навоийуран” ДК, “ЎзТМК” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Ўзбеккўмир” АЖ каби гигант корхоналар билан бир қаторда 90 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар ўз маҳсулотларини намойиш этди. Шунингдек, 500 дан ортиқ корхона вакиллари иштирокчи сифатида қатнашиб, ҳамкорлик имкониятларини ўрганди. Умумий рўйхатдан ўтганлар сони 2 500 нафардан ошгани тадбирга қизиқиш юқори эканлигини кўрсатди.
Ҳарбийлаштирилган кон қутқарув қисм бўлинмалари ҳам тадбирда фаол иштирок этиб, хавфсизликни таъминлаш ва қутқарув воситалари бўйича ўз салоҳиятини намойиш этди. Кўргазма доирасида “ОКМК” АЖ раҳбарияти қутқарув хизмати фаолияти ва замонавий ускуналар билан яқиндан танишди.
Икки кунлик мулоқотлар натижасида 30 та муҳим келишувга эришилди. Ушбу битимларнинг умумий қиймати қарийб 212,1 миллиард сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш мақсадида Фанлар академияси, “МИСиС” университети филиали ва Геология фанлари университети каби муассасалар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
16 май куни тадбирлар силсиласи Олмалиқ шаҳрида “Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” муносабати билан давом этди. Унда соҳа ходимларининг хизматлари эътироф этилиб, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу кўргазма натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда саноат кооперацияси тизими аниқ иқтисодий самарадорликка эга механизмга айланди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратилган “шатакка олиш” тизими импорт ҳажмини камайтириш билан бирга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Саноат хавфсизлиги ва давлат назорат органларининг ушбу жараёнлардаги иштироки корхоналарда техник регламентларга риоя этилишини таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириб, миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини кафолатлайди.







