Сирдарё вилоятидаги конда 106 769,7 куб метр қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олинганлиги аниқланди
2026-05-18 10:55:00 / Янгиликлар

Текширув жараёнида Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи “С.С.И.” МЧЖ томонидан лицензия талабларига риоя этилмаганлиги маълум бўлди. Жамият томонидан кончилик ишларини ривожлантириш йиллик иш режаси ишлаб чиқилмаган ҳамда тегишли рухсатномалар расмийлаштирилмаган. Назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 декабрдаги 983-сонли Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли Фармонига асосан ўтказилди.
Ўлчов натижаларига кўра, жами 114 665,4 квадрат метр майдонда 850 829,9 куб метр маҳсулот ажратиб олинган бўлиб, шндан кон ҳудудининг ўзида тасдиқланган ҳажмдан ортиқча 88 760,2 куб метр қум-шағал қазиб олинган. Кон ажратмаси чегарасидан ташқарида эса ноқонуний равишда 106 769,7 куб метр қум-шағал аралашмаси қазилганлиги аниқланди. Мазкур ноқонуний ҳажмдан 24 190 куб метри бўйича муқаддам жиноят иши қўзғатилган бўлса, қолган 82 579,7 куб метр ҳажм космик мониторинг маълумотлари орқали аниқланди.
Сирдарё вилояти Боёвут туман прокуратурасининг тақдимномасига биноан, қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилди. 2026 йил 22 апрелдаги қайта ўлчовлар шуни кўрсатдики, ноқонуний қазилган майдоннинг 76 074,4 куб метр қисми жамият томонидан қайта тўлдирилганлиги сабабли, ҳозирги кунда ҳақиқий зарарли ҳажм 6 505,3 куб метрни ташкил этмоқда. Инспекция томонидан тўпланган барча материаллар ҳуқуқий баҳо бериш ва иқтисодий зарарни ундириш учун прокуратура органларига тақдим этилди.
Ушбу назорат тадбирлари ер қаъри бойликларидан оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратининг қатъийлигини ва замонавий технологиялар ёрдамида қонунбузарликлар ўз вақтида аниқланишини кўрсатади. Тизимнинг кучайтирилиши табиий ресурслар талон-тарож қилинишининг олдини олишга ҳамда тадбиркорларнинг қонуний масъулиятини оширишга хизмат қилади. Қонунийликнинг таъминланиши эса давлатнинг иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиб, бозорда соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлайди.
Ж. Бозорхонов - бош юрисконьсулт
