Чодак кон бошқармаси кубоги: 5-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи ғолибликни қўлга киритди
2026-05-07 11:15:00 / Янгиликлар

Мусобақада бошқарма таркибидаги бўлимлар жамоалари билан бир қаторда, Чодак кон бошқармаси объектларида хавфсизлик ва кон қутқарув ишларини таъминловчи 5-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи ходимлари ҳам иштирок этди. Мазкур жамоанинг иштироки қутқарувчиларнинг нафақат хизмат вазифаларида, балки жисмоний тайёргарлик масалаларида ҳам юқори салоҳиятга эга эканлигини кўрсатди.
Турнир муросасиз ва шиддатли баҳсларга бой бўлди. Мусобақа якунига кўра, барча рақиблари устидан ишончли ғалаба қозонган 5-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи жамоаси мутлоқ ғолиб деб топилди. Ғолибларга ташкилотчилар томонидан Бошқарма кубоги, медаллар ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Ушбу натижалар кон қутқарув тузилмаларида ходимларнинг жисмоний тайёргарлиги ва интизоми юқори даражада эканлигидан далолат беради. Спорт тадбирлари орқали ходимларнинг саломатлигини тиклаш ва жамоавий руҳни ошириш, ўз навбатида, кон объектларида ишлаб чиқариш самарадорлиги ва хавфсизлик талабларининг сўзсиз бажарилишига хизмат қилади.
Соҳавий назорат ва кон қутқарув тузилмаларининг бу каби ижтимоий фаоллиги келгусида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва жамоавий ҳаракатларни мувофиқлаштиришда ижобий иқтисодий ҳамда маънавий самара беради.

