Қашқадарёда дарё ўзанидан ноқонуний қум-шағал қазиб олган тадбиркор давлатга 308 миллион сўм зарар етказди
2026-05-05 10:45:00 / Янгиликлар

Тадбиркор ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 14-сонли фармони талабларига зид равишда амалга оширган. Мазкур фармон билан Қашқадарё дарёси ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган эди. Шунга қарамай, 2025 йилнинг бошидан 18 августига қадар кон ҳудудидан ташқарида 11 727,57 метр куб қум-шағал аралашмаси ноқонуний равишда қазиб олинган.
Инспекция инспекторлари ва маркшейдерлар иштирокида “STONEX R1 plus” электрон тахеометри ёрдамида ўтказилган ўлчов ишлари натижасида давлат ва жамият манфаатларига 308 822 100 сўм миқдорида жуда кўп зарар етказилгани аниқланди. Суд-товаршунослик экспертизаси хулосасига кўра, ноқонуний қазиб олинган қум-шағалнинг ҳар бир метр куби ўртача 26 333 сўм деб баҳоланган. Мазкур ҳолат юзасидан М.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноий иш қўзғатилган.
Суд мажлисида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини билдирди. Даъвогар томон — Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси вакили ҳам зарар бартараф этилгани сабабли даъвоси йўқлигини тасдиқлади. Натижада, Жиноят кодексининг 66-прим-1-моддасига асосан тарафлар ўзаро ярашгани сабабли жиноят иши тугатилди. Тўланган маблағлар Инспекциянинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши белгиланди.
Ушбу ҳолат дарё ўзанларини муҳофаза қилиш бўйича ўрнатилган қатъий мораторий талабларига риоя этиш нақадар муҳимлигини кўрсатади. Назорат тадбирларининг кучайтирилиши нафақат иқтисодий зарарнинг ундирилишини, балки экологик мувозанатни сақлаб қолишни ҳам таъминлайди.
Қонунийликни таъминлаш ва ўзбошимчаликка чек қўйиш давлат ресурсларидан самарали фойдаланишнинг асосий омилидир. Инспекция томонидан амалга оширилаётган мунтазам мониторинг ишлари келгусида бундай ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишга ва табиат бойликларини асраб-авайлашга хизмат қилади.
