Ангрен кон-техника инспекцияси: Кончилик соҳасида қонунийлик ва хавфсизлик назорат остида
2026-05-04 10:35:00 / Янгиликлар

Инспекция мутахассислари томонидан тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида икки ҳолатда расмий хулосалар тайёрланди. Хусусан, “YANG NOVATECH” МЧЖ ХКнинг Оҳангарон туманидаги “Qaynar” олтин участкасида олиб бораётган ишлари ўрганилди. Мазкур корхона томонидан олинган TV серияли 0018-сонли рухсатнома асосида фақат бурғулаш ва намуна олиш ишлари бажарилгани, фойдали қазилмалар қазиб олинмагани ва реализация қилинмагани аниқланди. Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 566-сонли қарорига асосан, ушбу босқичда корхонага алоҳида тоғ-кон ишлари ҳуқуқини берувчи рухсатнома талаб этилмайдиганлиги бўйича ҳуқуқий хулоса берилди. Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва “ASL JAVXAR” МЧЖ мурожаати билан “Қорабоғсой” сув ўзанни тозалаш лойиҳаси координаталари жойида ўрганилиб, тегишли хулоса расмийлаштирилди.
Назорат тадбирлари доирасида “ANGREN GUMAT KO‘MIR” МЧЖнинг 2026 йилга мўлжалланган кон ишлари календар режаси таҳлил қилинди. Соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида “Техник таълим” ўқув марказида “БеЛАЗ” ҳайдовчилиги бўйича таҳсил олган тингловчиларнинг якуний имтиҳонларида инспекция вакиллари иштирок этиб, билимларни холис баҳоладилар.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф.Исламов раислигида ўтказилган йиғилиш топшириқлари ижросини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу мақсадда “Ўзбеккўмир” АЖнинг “Апартак” участкасида кўмир қазиб олиш режасини тезлаштириш бўйича махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, “NISHBASHKO‘MIR” МЧЖда ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиб кетишининг олдини олиш ва меъёрий ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқлаштириш бўйича назорат ўрнатилди.
Амалга оширилган ушбу тадбирлар тоғ-кон саноатида бюрократик тўсиқларни қисқартириш билан бирга, давлат аҳамиятига молик ресурсларни қазиб олишда интизомни мустаҳкамлайди. Бу каби назорат механизмлари нафақат иқтисодий кўрсаткичлар ўсишини, балки соҳада техник хавфсизлик ва табиатни муҳофаза қилиш меъёрларининг сўзсиз бажарилишини кафолатлайди.







