Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари муҳокама қилинди
2026-05-04 10:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда Навоий ихтисослаштирилган прокуратураси, “Қизилқум” кон-техника инспекцияси, НКМК ИИБ ҳамда комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши масъуллари иштирок этди. Навоий ихтисослаштирилган прокурори Н.Тилавов ва НКМК АЖ Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи А.Турсунов ўз маърузаларида технологик жараёнларда хавфсизлик талабларига оғишмай амал қилишнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатларига тўхталиб ўтдилар.
Мулоқот давомида таъкидланганидек, меҳнат хавфсизлиги фақат соҳа мутахассисларининг эмас, балки оддий ишчидан тортиб раҳбар ходимга қадар барчанинг устувор вазифаси саналади. Тадбир иштирокчилари ишлаб чиқаришда эҳтиёткорликни ошириш ва келгусида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган мониторинг механизмларини янада такомиллаштириш чораларини белгилаб олдилар.
Йиғилиш якунида жорий йилнинг биринчи чораги давомида ўз хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашган ва меҳнат муҳофазаси йўналишида ижобий кўрсаткичларга эришган бир гуруҳ ходимлар муносиб тақдирланди. Касаба уюшмаси Кенгаши томонидан фаол ишчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ушбу тадбир ишлаб чиқариш объектларида давлат назорати ва жамоат назорати ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади. Тизимли назоратнинг йўлга қўйилиши нафақат технологик интизомни мустаҳкамлайди, балки йирик саноат корхоналарида иқтисодий барқарорлик ва инсон капитали муҳофазасини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб қолади.


