Наманганда тадбиркорлар учун ер ости сувларидан фойдаланиш ва қонунчилик талаблари бўйича семинар-тренинг ҳамда сайёр қабул ўтказилди
2026-04-29 11:20:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспексиясининг Шарқий минтақавий инспексияси, “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасаси раҳбарияти, вилоят адлия бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони масъуллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий қисми тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ер ости сувларидан фойдаланишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилди. Мутахассислар томонидан ер ости сувларини олиш, улардан фойдаланиш бўйича ҳисоботларни топшириш тартиби ҳамда соҳага оид янгиланган қонунчилик талаблари батафсил тушунтирилди.
Семинар давомида тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган гидрогеологик муаммолар юзасидан бевосита мутасадди раҳбарларга мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Сайёр қабул давомида ер қаъридан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш борасида аниқ тавсиялар берилди. Назорат органлари вакиллари тадбиркорлик субектларининг фаолиятига тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқларни ўрганиб, уларни қонуний ҳал этиш чораларини белгиладилар.
Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши соҳада шаффофликни таъминлаш билан бирга, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги ишончли мулоқотни мустаҳкамлайди. Ер ости сувлари стратегик ресурс эканлигини инобатга олган ҳолда, назорат тизимининг такомиллашиши ресурсларнинг мақсадсиз сарфланишининг олдини олишга ва тадбиркорлик муҳитининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.






