Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди
2026-04-27 12:20:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ер қаъри бойликларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолати аниқланди. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги ҳудудий Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг Шимолий-Ғарбий минтақавий инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда “SH.D.T.” МЧЖ томонидан қум-шағал аралашмасини тегишли рухсатномасиз қазиш ишлари олиб борилганлиги аниқланди.
Олиб борилган ўрганиш ишлари натижаларига кўра, Ғиждувон туманида жойлашган “Корахон-III” қум-шағал аралашмасини конининг белгиланган майдонларидан ташқарида жами 21 829,4 м³ (ёки 41 694,154 тонна) қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олинганлиги маълум бўлди.
Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида давлат ва жамият манфаатларига 504,4 млн сўм миқдорида иқтисодий зарар ҳисобланган. Шимолий-Ғарбий минтақавий инспекцияси томонидан тўпланган ҳужжатлар Бухоро вилоят прокуратурасига қонуний чора кўриш учун юборилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 196-1-моддаси (Фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш) ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Инспекция мутахассислари томонидан конларда қонуний тартибда ишлашни таъминлаш бўйича доимий мониторинг ишлари кучайтирилди.




