Шимолий минтақада коррупцияга қарши курашиш бўйича семинар ўтказилди
2026-04-22 17:05:00 / Янгиликлар

Тадбирда Инспекция бошлиғи ўринбосари Омонулла Зарипов ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассис Жамшид Зикиров иштирок этиб, соҳадаги ички норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ходимларга етказди. Семинар давомида соҳага оид қонунчилик талаблари, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш масалалари диққат марказида бўлди.
Мутахассислар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ички назорат тизими — комплаенс-назоратнинг ишлаш механизмлари батафсил тушунтирилди. Шунингдек, ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ҳамда соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Назорат тизимининг бундай тартибда йўлга қўйилиши фаолият самарадорлигини ошириш билан бирга, давлат мулки ва ресурсларидан оқилона фойдаланишни кафолатлайди. Коррупциявий омилларнинг бартараф этилиши геология ва тоғ-кон саноати соҳасида шаффофликни таъминлаб, иқтисодий барқарорликка хизмат қилади.
Профилактика тадбирлари ва мониторинг механизмларининг кучайтирилиши келгусида тизимда ҳуқуқбузарликлар сонини камайтириш ҳамда соҳа ривожига тўсқинлик қилувчи бюрократик тўсиқларни йўқ қилиш имконини беради. Бу эса ўз навбатда давлат назорат органларига бўлган халқ ишончини янада мустаҳкамлайди.



