Ер ресурсларидан фойдаланишда янгича ёндашувлар: иқтисодий эркинлик ва рақамли назорат
2026-04-22 08:50:00 / Янгиликлар

Сўнгги беш йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ер ажратиш ваколати маҳаллий ҳокимликлардан олиниб, аукцион тизими йўлга қўйилди. Бу даврда 616,3 минг гектар ер реализация қилиниб, бюджетга 1,4 триллион сўм тушум тушди. Энг асосийси, ернинг ҳақиқий эгаси пайдо бўлиши ҳисобига ҳар бир гектардан олинадиган даромад 3 баравар ошиб, 50-60 миллион сўмга етди. Ҳозирда ушбу ерларда йиллик 539 триллион сўмлик маҳсулот етиштирилмоқда ва 2,1 миллиард долларлик экспорт амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ердан фойдаланишда ижарачиларнинг мустақиллиги ҳали ҳам етарли эмаслиги қайд этилди. Шу сабабли жорий йилда яна 100 минг гектар ерни янги тартиб асосида аукционга чиқариш ва тадбиркорларга экинларни мустақил танлаш ҳуқуқини бериш режалаштирилган. Саноатлашган плантация ва чорвачилик лойиҳалари учун 50 гектардан 500 гектаргача ер участкалари ажратилади. Бундай йирик лойиҳалар учун давлат томонидан сув ва электр таъминоти харажатлари қопланади, 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача арзон кредитлар тақдим этилади.
Хорижий инвесторлар учун ер ижараси тартиби қайта кўриб чиқилади. Уларга ер фақат вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги дирекциялар орқали, инвестиция миқдори 10 миллион доллардан кам бўлмаган лойиҳалар учун иккиламчи ижара асосида берилади. Бунда яйлов ва фойдаланишдан чиққан ерларни айланмага қайтариш шарти қўйилади. Муҳими, аукционларда фақат маҳаллий деҳқон ва тадбиркорлар иштирок этиши, стратегик аҳамиятга эга ерлар эса фақат Ўзбекистон фуқароларига берилиши қатъий белгилаб қўйилди.
Соҳадаги бюрократияни камайтириш мақсадида ижара муддатини узайтириш жараёни рақамлаштирилади. Эндиликда тадбиркорлар Давлат хизматлари марказлари ва электрон платформалар орқали мурожаат қилишлари мумкин. Агар солиқдан қарздорлик ёки ҳуқуқбузарликлар бўлмаса, ижара муддати қишлоқ хўжалиги ерлари учун 30 йилгача, бошқа ерлар учун 49 йилгача автоматик тарзда узайтирилади. Шунингдек, ерга бўлган ижара ҳуқуқини кредит, лизинг ва ипотека учун гаров объекти сифатида фойдаланишга рухсат берилади.
Ер назорати борасида ҳам масъулият кучайтирилади. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича жавобгарлик энди барча турдаги ерларга нисбатан қўлланилади. Шу билан бирга, йирик инфратузилма объектлари қурилишида ер тоифасини ўзгартириш билан боғлиқ нобудгарчилик тўловлари ва компенсацияларни солиққа тортиш тартиби соддалаштирилади.
Мазкур ислоҳотлар ерга бўлган мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Ер ресурсларини бошқаришда инсон омилини камайтириб, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш билан бирга, инвесторларнинг соҳага бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бу эса мамлакат иқтисодий барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий омилидир.



