Олмалиқ кон-металлургия комбинати объектларида кон-қутқарувчиларнинг тайёргарлиги синовдан ўтказилди
2026-04-15 08:55:00 / Янгиликлар

Тактик тайёргарлик машқлари “Ангрен кон бошқармаси” объектларида хизмат кўрсатувчи Ҳарбийлаштирилган кон қутқарув отряди ҳамда “Хондиза” конига бириктирилган “Хондиза” ҲКҚ взводларида ташкил этилди. Машғулотлар давомида қутқарувчиларнинг техник воситалардан фойдаланиш кўникмалари ва мураккаб шароитларда қарор қабул қилиш тезкорлиги текширилди.
Шу билан бирга, “Чодак кон бошқармаси”га қарашли “Гузаксай” шахтасида ҳам кенг кўламли ўқув амалиёти бўлиб ўтди. Ушбу жараёнда 5-Аҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи ва кон бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ҳаракат қилди. Машғулот сценарийсига кўра, шахтада шартли равишда ёнғин содир бўлди. Қутқарувчилар олдига ёнғинни қисқа муддатда бартараф этиш ва ишчиларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш вазифаси қўйилди.
Реал вазиятга максимал даражада яқинлаштирилган ушбу машғулотларда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди:
-
Кон қутқарувчиларнинг ёнғинни ўчиришдаги профессионал маҳорати;
-
Шартли ёнғин ҳудудида қолиб кетган инсонларни қидириб топиш ва қутқариш;
-
Жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари;
-
Эвакуация жараёнини тартибли ва тезкор ташкил этиш.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида қутқарув бўлинмаларининг шайлик даражаси юқори эканлиги, техник анжомлар ва нафас олиш аппаратлари соз ҳолатда сақланаётгани тасдиқланди. Шу билан бирга, ходимларнинг экстремал вазиятлардаги психологик тайёргарлиги ҳам кўздан кечирилди.
Ушбу амалий машғулотлар тизимли назоратнинг муҳим қисми бўлиб, ишлаб чиқариш объектларида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлайди. Профилактика ва мунтазам машқлар нафақат йирик саноат корхоналарининг иқтисодий барқарорлигини, балки меҳнат муҳофазаси бўйича давлат стандартлари ижросини кафолатлайди. Бу каби тадбирларнинг мунтазамлиги кончилик соҳасида юзага келиши мумкин бўлган техноген хавфларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.








