Ноқонуний қазиб олиш ва 2,6 миллиард сўмдан ортиқ зарар: Масъулиятсиз тадбиркорга суд ҳукми ўқилди
2026-04-14 16:05:00 / Янгиликлар

Назорат тадбирлари давомида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси мутахассислари томонидан кон ҳудудида жиддий қонунбузилишлар қайд этилган. Хусусан, “Qaqir 8” конида белгиланган чуқурликдан пастга тушган ҳолда 24 841 метр куб ҳамда кон ҳудуди чегарасидан ташқарида 69 038,63 метр куб қум-шағал аралашмаси қазиб олинган. Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида давлат манфаатларига жами 2 634 919 575 сўм миқдорида жуда кўп зарар етказилган.
Суд жараёнида маълум бўлишича, тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 декабрдаги 983-сонли қарори ҳамда 2022 йил 25 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларини қўпол равишда бузган. Айбланувчи ўз кўрсатмасида ушбу ҳолатни кон чегаралари тўлиқ белгиланмагани ва назоратни етарли даражада ташкил эта олмагани билан изоҳлади. Шунга қарамай, у етказилган зарарнинг асосий қисмини қоплаган ва қолган қисмини тўлаш мажбуриятини олган.
Суд судланувчи Х. Х. ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, яъни 7 500 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, аввалги суд ҳукми билан тайинланган жазони инобатга олган ҳолда, унга 3 йил озоқликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан ушбу жазо шартли деб белгиланди ва 2 йил синов муддати тайинланди. Етказилган зарарнинг қолган 97 142 238 сўм қисмини ундириш мақсадида айбдорга тегишли “SINOTURK HOWO” русумли юк автомашинаси хатланди.
Ушбу суд қарори ер қаъри бойликларидан фойдаланишда қонун устуворлиги қатъий таъминланишини яна бир бор кўрсатди. Назорат органлари томонидан ўтказилаётган мунтазам мониторинг ва маркшейдерлик ўлчовлари ноқонуний қазиш ишларининг олдини олишда асосий омил бўлмоқда. Қонунийликнинг таъминланиши нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, балки давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағларнинг сақланиши ва адолатли иқтисодий рақобат муҳитини яратиш учун хизмат қилади.
Ж.Бозорхонов - Бош юриськонсулт
