“Шарғункўмир” АЖ конларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилди
2026-04-13 09:55:00 / Янгиликлар

Машғулотларда Жанубий минтақавий инспекция инспектори Ш.Қ.Холиқов, мутахассислар У.Маллаев, Ж.Рўзиев ҳамда корхонанинг масъул раҳбарлари бевосита иштирок этишди. Тадбирнинг асосий вазифаси кон шароитида содир бўлиши мумкин бўлган кутилмаган аварияларни бартараф этиш жараёнида давлат назорат органлари ва қутқарув хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан иборат бўлди.
Ўқув машқлари Ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув штабининг 2026 йил 21 январдаги 10-сонли буйруғи ижросини таъминлаш доирасида, 1-Алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи билан яқин ҳамкорликда амалга оширилди. Мазкур буйруқ конларда хавфсизлик даражасини доимий назорат қилиш ва қутқарув бўлинмаларининг шайлигини синовдан ўтказишни назарда тутади.
Жараён давомида асосий эътибор шартли равишда юзага келган ёнғин ва аварияларни тезкорлик билан бартараф этишга қаратилди. Қутқарувчилар ва корхона ходимлари жабрланувчиларни заҳарли газлар тўпланган ҳудудлардан хавфсиз жойга (тоза ҳавога) олиб чиқиш, уларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва профессионал тиббиёт ходимларига топшириш босқичларини амалда намойиш этишди. Шунингдек, техноген вазиятларнинг олдини олиш бўйича мутахассислар томонидан тегишли профилактик кўрсатмалар берилди.
Тадбир якунида инспекция мутахассислари конларда хавфсизлик қоидаларига риоя этишнинг муҳим жиҳатлари юзасидан ходимлар билан тушунтириш ишларини олиб бордилар. Бу каби тактик машқлар иш жойларида нафақат техник ускуналар шайлигини, балки инсон омили билан боғлиқ хавфларни камайтиришга, ходимларнинг ҳушёрлиги ва профессионал огоҳлигини оширишга хизмат қилади.
Бундай тизимли назорат ва амалий тайёргарлик тадбирлари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бирга, меҳнат муҳофазасининг қонуний асосларини мустаҳкамлайди. Назорат тизимининг кучайиши кончилик саноатида оғир оқибатли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва давлат иқтисодий манфаатлари бўлган кўмир қазиб олиш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга.
Саноат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиниши корхоналарнинг барқарор ривожланиши ва ишчилар саломатлигини муҳофаза қилишнинг бош гаровидир. Шу муносабат билан, барча соҳа ташкилотлари ва аҳоли ушбу профилактик ойлик доирасида хавфсизлик маданиятини юксалтиришга чақирилади.









