Нефт ва газ йўналишида саноат хавфсизлиги: I чоракда 470 дан ортиқ объект назоратдан ўтказилди
2026-04-08 11:40:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда республика бўйича нефт ва газ йўналишида жами 471 та хавфли ишлаб чиқариш объекти рўйхатга олинган. Уларнинг асосий қисми йирик саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятида 155 та, “Саноат Энергетика Гуруҳи” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада 193 та, “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” масъулияти чекланган жамиятида 14 та ҳамда турли тадбиркорлик субъектларида 109 та хавфли объект мавжуд.
Ҳисобот даври давомида инспекция мутахассислари томонидан ушбу объектларда хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида 220 маротаба профилактика тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, замонавий назорат усулларини қўллаган ҳолда 54 маротаба камерал назорат ишлари олиб борилди. Ушбу мониторинг жараёнлари нафақат камчиликларни аниқлаш, балки уларни ўз вақтида бартараф этиш орқали юзага келиши мумкин бўлган техноген хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўтказилган профилактика тадбирлари натижасида соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник регламентлар талаблари бузилган 722 та ҳолат аниқланди. Аниқланган ҳар бир камчилик юзасидан корхона ва ташкилотлар раҳбарларига қатъий топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди. Шу билан бирга, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари доирасида саноат хавфсизлиги соҳасига оид 25 та ариза ва ҳужжатлар экспертизадан ўтказилди.
Янги қудуқларни бурғулаш ва мавжудларини таъмирлаш жараёнлари ҳам инспекция диққат марказида бўлди. Нефт ва газ қудуқларини бурғулаш бўйича 23 та лойиҳа ҳужжати кўриб чиқилди. Мутахассислар бевосита бурғулаш ишларида 7 маротаба ва қудуқларни мукаммал таъмирлаш жараёнларида 17 маротаба иштирок этиб, тегишли далолатномаларни расмийлаштирдилар. Шунингдек, конларни ўзлаштириш учун 15 та кон ажратмаси далолатномалари тайёрланди.
Қудуқларни тугатиш (консервация қилиш) масаласида келиб тушган 33 та ҳужжатдан 28 таси ижобий келишилди, бироқ 5 та ҳолатда ҳужжатларда жиддий камчиликлар аниқланганлиги сабабли улар рад этилди. Авария ва кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида бурғулаш ва мукаммал таъмирлашда фойдаланиладиган 13 та техник қурилма махсус синовлардан ўтказилиб, уларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлиги текширилди.
Инсон омили билан боғлиқ хавфларни минималлаштириш мақсадида соҳа ходимлари ўртасида 23 та ўқув семинари ташкил этилди. Давлат назорати тадбирлари давомида хавфли объектларда ишловчи 971 нафар ходимнинг касбий билими ва хавфсизлик қоидаларини билиш даражаси имтиҳондан ўтказилди. Натижаларга кўра, 51 нафар ходимнинг билими қониқарсиз деб топилди ва уларнинг малакасини ошириш бўйича корхона раҳбарларига ёзма кўрсатмалар берилди.
Афсуски, кўрилган чоралар ва ўтказилган профилактика ишларига қарамай, жорий йилнинг I чорагида назорат остидаги объектларда 3 та оғир оқибатли (тан жароҳати билан боғлиқ) бахтсиз ҳодиса қайд этилди. Шунингдек, ҳисобот даврида 1 та корхонада белгиланган тартибда чуқурлаштирилган текширув ишлари амалга оширилди.
Ушбу назорат натижалари нефт ва газ саноатида техник хавфсизлик қоидаларига риоя этиш даражаси ҳали ҳам етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Аниқланган 722 та қонунбузилиш ҳолати ва ходимларнинг билим даражасидаги камчиликлар ишлаб чиқаришда модернизация ишлари билан бирга хавфсизлик маданиятини ҳам юксалтириш лозимлигидан далолат беради.
Назорат тизимининг мунтазамлиги ва қатъийлиги тармоқда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда ишлаб чиқаришдаги авариявий тўхталишларнинг олдини олишда муҳим иқтисодий аҳамиятга эга. Келгусида инспекция томонидан хавфни таҳлил қилиш ва профилактика тадбирлари кўламини янада кенгайтириш орқали саноат хавфсизлигини таъминлаш чоралари давом эттирилади.
