ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ: ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ БИРИНЧИ ЧОРАК САРҲИСОБИ
2026-04-07 17:30:00 / Янгиликлар

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан Инспекциянинг махсус алоқа каналлари, жумладан, ишонч телефони, @kontexnazorat_murojaat_bot телеграм боти ҳамда расмий веб-сайтдаги онлайн маслаҳатчи модули орқали мурожаат қилиш имкониятига эга. Бу эса мурожаатчиларнинг вақтини тежаш билан бирга, давлат органи фаолиятининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбари ҳузурида 2026 йил 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида Андижон ва Фарғона вилоятларида сайёр қабуллар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар давомида бевосита жойларда фуқаролар билан учрашилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Сайёр қабуллар натижасида аниқланган масалаларни ҳал этиш учун алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижро муддатлари қатъий белгиланди. Муҳими шундаки, кўплаб мурожаатлар ижроси Инспекция раҳбарияти томонидан жойида ҳал этилди.
2026 йилнинг биринчи чораги давомида Инспекцияга жисмоний ва юридик шахслардан жами 52 та мурожаат келиб тушди. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент вилояти (11 та), Жиззах вилояти (10 та) ҳамда Бухоро вилоятига (6 та) тўғри келиши аниқланди. Шунингдек, Тошкент шаҳридан 5 та, Навоий ва Андижон вилоятларидан 4 тадан, Хоразм ва Сурхондарёдан 3 тадан, Самарқанддан 2 та ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидан 1 тадан мурожаат қайд этилган.
Мурожаатларнинг манбалари бўйича таҳлили шуни кўрсатадики, асосий қисм, яъни 39 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган. Бундан ташқари, 6 та мурожаат электрон шаклда, яна 6 таси ишонч телефони орқали ҳамда 1 таси Халқ қабулхоналари орқали тақдим этилди. Бу кўрсаткичлар аҳолининг рақамли тизимлар ва марказлашган қабулхоналар орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ишончи ортиб бораётганини кўрсатади.
Ҳисобот даври якунига кўра, келиб тушган мурожаатларнинг 26 таси тўлиқ қаноатлантирилди. 18 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида кўтарилган масалалар Инспекция ваколати доирасига кирмаслиги сабабли тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга юборилди. Ҳозирги кунда қолган 8 та мурожаат бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда ва улар қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши назоратга олинган.
Ушбу статистик маълумотлар ва ўтказилган тадбирлар натижаси шуни кўрсатадики, Инспекция тизимида мурожаатлар билан ишлаш шунчаки расмиятчилик эмас, балки аҳолининг реал муаммоларини ҳал этишга қаратилган амалий жараёндир. Сайёр қабуллар ва рақамли платформалар орқали йўлга қўйилган алоқа тизими бошқарувда шаффофликни таъминлаш баробарида, ижро интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва уларни қаноатлантириш кўрсаткичларининг юқорилиги жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Бу каби ёндашув назорат органларининг халқ олдидаги масъулиятини ошириш билан бирга, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни оператив тарзда ўрганиш ва бартараф этиш имконини беради.
