Расмий баёнот!
2026-02-18 18:00:00 / Пресс-релизлар

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Тош-Ота” МФЙ яқинида жойлашган ҳудудда портлатиш ишлари олиб борилган жараён акс этган видеоматериаллар тарқалиб, фойдаланувчилар хабарларига кўра, ушбу ҳолат натижасида тош кўчиши юзага келгани ва яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолиси яшаш жойларига таъсир кўрсатгани қайд этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспексияси томонидан жойига чиқилган ҳолда, маҳаллий ҳокимият органлари, тегишли хизматлар ҳамда ер қаъридан фойдаланувчи вакиллари иштирокида ҳолат ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, “Ширмонбулоқ-6” участкасида портлатиш ишлари амалдаги рухсат берувчи ҳужжатлар ва тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилгани аниқланди. Шу билан бирга, портлатиш ишлари жараёнида карернинг юқори қисмидан тош массаларининг қулаш ҳолати кузатилиб, айрим жинс бўлаклари ишлаб чиқариш ҳудудидан ташқарига чиқиб, туташ ҳудудларга таъсир кўрсатган.
0350-17-сонли СанПиН талабларига мувофиқ энг яқин жойлашган аҳоли яшаш пунктигача бўлган масофа камида 500 метр бўлиши белгиланган. Жойига чиқиб ўтказилган ўрганишлар давомида энг яқин аҳоли яшаш пункти портлатиш ишлари олиб борилган ҳудуддан тахминан 670–1000 метр масофада жойлашгани, портлатиш жараёнида майда тош парчалари учиш масофаси 600 метрдан ошмагани аниқланди. Мазкур ҳолатлар натижасида аҳоли ҳаёти ва соғлиғига бевосита зарар етказилмаган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан ер қаъридан фойдаланувчига хавфсизлик чораларини кучайтириш, портловчи моддалар ҳажмини камайтириш, аҳолини олдиндан мажбурий равишда хабардор қилиш, шунингдек огоҳлантирувчи сигнал воситаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Портлатиш ишларининг турар жойларга мумкин бўлган таъсирини баҳолаш масаласи эса мутахассис ташкилотлар жалб этилган ҳолда қўшимча равишда кўриб чиқилади.
Мазкур ҳолат инспексия томонидан доимий назоратга олинди.


