Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида 2025 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган брифинг
2025-12-17 18:25:00 / Матбуот анжуманлари

Хусусан, Инспекциянинг 2025 йил учун «Коррупцияга қарши курашиш дастури» тасдиқланиб соҳада коррупцияни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати», «Одоб-ахлоқ қоидалари», «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш Низоми», «Ишга номзодларни текшириш бўйича Йўриқнома», «Совғаларни олиш ва бериш сиёсати», «Контрагентларни текширишга оид Йўриқнома» «Хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш Услубиёти» каби 15 дан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар қабул қилиниб, мазкур ҳужжатлардаги тартиб-таомиллар амалиётга жорий этилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилда 102 нафар ходим томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар тўлдирилди. Мазкур декларациялар таҳлил қилинганда 13 нафар ходимда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви аниқланиб, мазкур ҳолатларни қонуний тарзда бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, Инспекция фаолиятидаги коррупциявий хавф хатарлар аниқланиб, уларни баҳолаш ишлари амалга оширилди, натижада коррупциявий хавф-хатарлари юқори бўлган 25 та, ўрта хавфга эга ўлган 15 та ва коррупцион омиллари паст бўлган 20 та функция баҳоланиб, уларни минималлаштириш ва бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Ҳисобот даврида Коррупцияга қарши муросасиз курашиш муҳитини яратиш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида 14 та семинар ва профилактик тадбирлар ўтказилди.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида Инспекциянинг жами 58 нафар ходими пора олиш ва бериш билан курашиш менежменти ISO 37001:2016 халқаро стандарти талаблари бўйича ўқитилиб, тегишли сертификатларни олди. Шунингдек, ISO 37001:2016 халқаро стандарти бўйича аудит ва консалтинг ишлари муваафаққиятли амалга оширилиб, жорий йилда Инспекция томонидан мазкур халқаро сертификат қўлга киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг коррупцияга ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, 13 та вилоятда жойига чиққан ҳолда Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Хизмат текширувлари жараёнида олинган бирламчи маълумотларга кўра, Инспекция ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида улар томонидан тегишли чоралар кўрилмаганлиги, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганликлари, мансаб ваколатларини суистеъмол қилишлари оқибатида жами 102,1 млрд.сўмлик фойдали қазилмаларнинг ноқонуний қазиб олинганлиги ҳолатлари тўлиқ ўрганилмасдан яширилганлиги, далолатномаларда расмийлаштирилмагани аниқланди.
Хусусан:
6 та тадбиркорлик субъекти томонидан етказилган зарар тоғ жинслари билан тўлдириш орқали қопланган деб топилиб, сохта хулосалар берилиши натижасида 12,2 млрд сўмлик зарар амалда қопланмагани;
77 та хўжалик юритувчи субъект томонидан фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олишлари натижасида Инспекциянинг текшириш далолатномаларида акс эттирилмаган 3,1 млн.куб метр ҳажм аниқланиб, 89,9 млрд сўм етказилган зарар ҳисобланди.
Хизмат текширувлари хулосасига кўра:
ҳудудий бошқармаларнинг 8 нафар ходими билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 41 нафар ходимга нисбатан турли интизомий жазо қўлланилди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.
Натижада прокуратура органлари томонидан:
16 та тадбиркорлик субъекти томонидан жамият ва давлат манфаатларига катта - 26,8 млрд.сўм миқдорда зарар етказилгани аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 229-моддаси 3-қисми, 196-моддаси 3-қисми “а” бандлари асосида жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Инспекциянинг 7 нафар масъул мансабдор ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, 2024 йилда Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида 29 та хўжалик юритувчи субъектда ўтказилган назорат тадбирлари бўйича турли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-84-моддалари билан жиноят иши қўзғатишдан рад қилинганлиги аниқланди.
Бугунги кунда, Инспекциянинг Коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан ваколатли органлар билан ҳамкорликда 8 та тадбиркорлик субъектига нисбатан 34,7 млрд сўмлик (865,3 минг куб м) етказилган зарар бўйича қайтадан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ички хизмат текшируви давомида Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Қулжуқтау”, Навоий вилояти Конимех туманидаги “Таушан” тоғ массивларида “Олтин Кон” МЧЖга тегишли ҳудудларда бир гуруҳ шахслар томонидан ҳудуд ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний олтин қазиб олаётганлик ҳолатлари аниқланди.
Ушбу ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига тақдим этилди.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, ДХХ, шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоят Ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида “Қулжуқтау” массивида ноқонуний фаолиятни тўхтатиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди. Натижада ҳудудда ноқонуний олтин қазиб олаётган 37 нафар шахс қўлга олиниб, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 20 млрд.сўм зарар аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 196-модда 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

