Чиқиндиларни бошқариш: сувнинг ифлосланишини олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш чоралари
2025-11-27 10:05:00 / Янгиликлар

Йиғилишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш ва санитария, тоғ-кон ва геология, саноат хавфсизлиги, фавқулодда вазиятларни бошқариш, гидрометеорология соҳалари бўйича масъул давлат органлари вакиллари, шунингдек операторлар, илмий доира ва халқаро ҳамкор ташкилотлар иштирок этди.
Тадбир чоғида Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар тўғрисидаги Халқаро мехнат ташкилотининг Конвенцияси ҳамда Сув ва соғлиқни сақлаш тўғрисидаги протокол (ЕХК/ВОЗ) доирасида олиб борилаётган ишлар бўйича амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, 2026 йил учун иш режасини шакллантириш борасидаги кейинги амалий қадамлар келишиб олинди.
Йиғилиш иштирокчилари турли соҳалардаги миллий шериклар томонидан тайёрланган дастлабки маълумотлар таҳлилининг якунловчи натижаларини кўриб чиқдилар. Ушбу маълумотлар сув хавфсизлиги ва чиқиндиларни бошқариш йўналишида янги миллий мақсад ва вазифаларни белгилаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Инклюзив, кўп манфаатдор томонлар иштирокини назарда тутувчи жараён доирасида ишлаб чиқилаётган мақсадлар лойиҳаси, шу жумладан индикаторлар, муддатлар ва мажбуриятлар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ушбу ташаббус 2025-2027 йилларга мўлжалланган кенг қамровли иш дастурининг муҳим қисми ҳисобланади. Мазкур иш дастури 2024 йил ноябрь ойида Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Сув ва соғлиқни сақлаш протоколи томонларининг VIII йиғилишида қабул қилинган.
Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг иқлим ўзгариши шароитидаги барқарорлигини ошириш, шунингдек, хавфсиз ичимлик суви ва санитария хизматларидан барча фойдаланувчилар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган.





