Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг ахбороти эшитилди
2025-11-12 18:35:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, 2025 йилда инспекция томонидан ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш, ер ости сувлари назорати йўналишларида бир қанча назорат тадбирлари амалга оширилган. Улар давомида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ёзма кўрсатмалар берилган. Айрим корхоналарнинг иш фаолияти тўхтатиб турилган бўлса, ҳуқуқбузарлик содир этган бир қатор субъектлар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Жорий йилда ер қаъридан фойдаланишда видеотасвир орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, ер қаъридан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар қайд этилган видеоёзувларни юборган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгиловчи низом тасдиқлангани соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириб, ҳуқуқбузарликларни сезиларли камайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Бугунги кунда инспекция томонидан соҳани рақамлаштириш бўйича жадал ҳаракатлар олиб борилмоқда. “Геомониторинг” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш учун ахборот тизимида норуда фойдали қазилмалар бўйича маълумотлар базаси рақамлаштирилди. Ахборот тизими бир қанча тегишли давлат органлари тизимлари билан интеграция қилинди.
Мунозаралар давомида депутатлар ўтган даврда амалга оширилган ишларни эътироф этиб, соҳада айрим масалалар борлигини қайд этдилар. Хусусан, ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари ҳануз юқори эканлиги, бу борада назорат тадбирларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Депутатлар соҳани рақамлаштириш ишларини жадаллаштириб, инсон омилини камайтириш, тадбиркорлик субъектлари учун шаффоф ва соддалаштирилган тартиб-таомилларни таъминлаш, тоғ-кон саноати корхоналарида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сабабларини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш лозимлигини айтиб ўтдилар.
Шунингдек, инспекция томонидан ўтказилган ички хизмат текширувлари натижаларидан келиб чиқиб, коррупциянинг олдини олиш ва ходимларнинг масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Муҳокамалар чоғида ноқонуний қазиб олишга қарши чораларни кучайтириш, ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашиш, инспекция томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини рақамлаштириш ва онлайн шаклда кўрсатиш, соҳада кадрлар сонини кўпайтириш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
Якунда кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


