Туркий давлатлар ташкилотининг саноат, фан, технология ва инновация вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди
2025-10-24 16:55:00 / Янгиликлар

2025 йил 24 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг саноат, фан, технология ва инновация масалаларига масъул вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.в.б. А.Норов иштирок этди. Йиғилишга Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микайил Жаббаров раисилик қилди. Шу билан бирга, тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубанычбек Омуралиев ҳамда аъзо ва кузатувчи давлатлар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида томонлар илмий-тадқиқот ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, стартап, яшил технологиялар, сунъий интеллект ва инновация соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш, илмий марказлар ва технопарклар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар.
Йиғилиш якунларида вазирлар томонидан йиғилиш Декларацияси имзоланди ҳамда ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган “Ҳаракатлар режаси” қабул қилинди. Туркий давлатлар ташкилотининг саноат, фан, технология ва инновация вазирларининг навбатдаги йиғилиши 2026 йили Қозоғистонда ўтказилиши белгиланди.


