Кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2025-09-26 19:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Инновацион ривожланиш агентлигида Корея Геонгбук Технопарки (ГБТП) бош директори Сеонг Ҳа бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Инновацион ривожланиш агентлиги директорининг илм-фан va инновацияларга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси У.Ҳошимов ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Учрашув фикр мулоҳазаларга бой бўлиб, учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ҳамкорликда мутахассислик малакасини ошириш, Кореянинг илғор компанияларида амалиёт ўташ масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув давомида делегация таркибидаги “Hankyung Technics” Co., Ltd. компанияси билан Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган “Nurobod Gidrogeolog” МЧЖ, шунингдек, “VERYWORDS” Co., Ltd. компанияси билан Яшнобод инновацион технопарки резиденти “PRO-TOK” МЧЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ушбу меморандумга кўра, томонлар ўзаро бизнес ташаббусларини амалга ошириш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш va келгусида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, учрашув якунида Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Корея Геонгбук Технопарки (ГБТП) ўртасида юртимиздаги ёшлар технопарклари инфратузилмасини ривожлантириш, уларни Геонгбук Технопарки тажрибаси асосида такомиллаштириш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда технопаркларни ривожлантириш учун Геонгбук Технопаркидан маслаҳатчилар жалб этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.





