Глобал инновация индексининг 2025 йилги натижаларига кўра Ўзбекистон 79-ўринда!
2025-09-16 17:50:00 / Янгиликлар

Глобал инновация индекси рейтинги ҳисоботи Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан Портуланс институти (АҚШ), турли корпоратив ва академик тармоқ ҳамда ГИИ маслаҳат кенгаши билан ҳамкорликда тайёрланиб, ҳар йили сентябрь ойида эълон қилинади. Рейтинг глобал тадқиқот ва инновацион ривожланиш бўйича дунё мамлакатлари фаолиятини баҳолайдиган етакчи тадқиқот ҳисобланади ҳамда 2 та субиндекс ва 7 та йўналиш гуруҳига бирлаштирилган 80 га яқин индикаторни ўз ичига олади.
ГИИнинг 2025 йилдаги рейтингида Ўзбекистон 139 та мамлакат орасида 79-ўринни эгаллади. Ўзбекистон қуйи ва ўрта даромад гуруҳида Ветнам, Марокаш, Мўғулистон ва бошқа 37 та мамлакат ўртасида 7-ўрин (2024 йилда 10-ўрин) ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида 10 та мамлакат ичида Ҳиндистон ва Эрондан кейин 3-ўриндан (2024 йилда 4-ўрин) жой олди.
Рейтингда инновацияларга йўналтириладиган сармоя ва ресурслар (innovation input) субиндексида 69-ўрин ва инновацияларнинг натижадорлигини (innovation output) субиндексида 92-ўринни эгаллади.
Маълумот учун: Ўзбекистон ГИИ рейтингига илк бор 2015 йилда қўшилган бўлиб, 141 та мамлакат орасида 122-ўринни эгаллаган. Мамлакатимиз 2020 йилда 93-ўрин, 2021 йилда 86-ўрин, 2022 йилда 82-ўрин, 2023 йилда 82-ўрин ва 2024 йилда 132 та мамлакат орасида 83-ўринлардан жой олган.
Мамлакатлар 2025 йилги рейтингда 78 та индикатор бўйича баҳоланди. Шунга кўра, Ўзбекистон учун 36 та индикаторда позиция яхшиланди, 7 тасида 2024 йилги натижа қайд этилди.
Жумладан ГИИ йўналишларининг 4тасида (“инсон капитали ва илмий тадқиқотлар” +12, “инфратузилма”+1, “бозор ривожланиши” +4, “билим ва технология маҳсуллари” +10) позициялар яхшиланган бўлса, “бошқарув институтлар сифати” йўналишида ўтган йилги натижа сақланиб қолинди.
2025 йилда ГИИда мамлакатимиз позициясини яхшилаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон маълумотларини тўлақонли акс эттирилишини таъминлаш мақсадида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Глобал тадбиркорлик тадқиқот ассоциацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар вакиллари иштирокида Индекс таркибий индикаторларига тегишли маълумотларни рейтинг манбалари бўлган маълумотлар базаларига ўз вақтида ва тўлиқ етказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Глобал тадбиркорлик тадқиқот ассоциацияси билан ҳамкорликда мамлакатимиз учун “Тадбиркорлик сиёсати ва маданияти” ва “Стартап ва скейлапларни молиялаштириш” таркибий индикаторларини шакллантириш юзасидан 36 нафар маҳаллий экспертлар ўртасида Глобал тадбиркорлик мониторинг Миллий эксперт сўрови ўтказилди. Жорий йил рейтинг натижаларига кўра мазкур индикаторлар бўйича мос равишда 3-ўрин ва 6-ўринларни эгаллаган ҳолда жаҳон миқёсда юқори натижалар қайд этилди.
Республикамизнинг икки олий таълим муассасаси – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари Миллий тадқиқот университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг QS жаҳон университетлар рейтингидаги натижалари ГИИ рейтингида акс эттирилиб “QS рейтинги бўйича энг юқори 3талик университетларнинг ўртача баҳоси” индикаторида 11 поғонага яхшиланиб 64-ўринга кўтарилди.
Маълумот учун: “QS World University Rankings 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасаси дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатидан ўрин олди. Ўзбекистон ушбу рейтингда илк бор иштирок этган университетлар сони бўйича жаҳоннинг 9 та мамлакати қаторидан жой олди.
CB Insights ташкилотига Ўзбекистондаги биринчи юникорн - Узум компаниясининг маълумотлари шакллантирилиб, компанияни юникорнлар рўйхатига киритилиши таъминланганлиги натижасида “Юникорнлар баҳоси” таркибий индикатори жорий йилги рейтингда 13 поғонага яхшиланиб (36-ўрин) кучли индикаторлар қаторидан жой олди.
ГИИнинг 2025 йил рейтинг ҳисоботида 35 та индикаторлар ўсиш тенденцияларини кўрсатган бўлса, шулардан 10 та индикаторлар доирасида жорий йилда энг юқори ўсишга эришилди. Хусусан,
-
Юқори технологияли маҳсулотлар импорти – 18-ўрин (+24);
-
ISO 9001 сифат сертификатлари – 48-ўрин (+21);
-
Олий таълим муассасаларига қабул қилиш – 61-ўрин (+20);
-
Интеллектуал мулкдан келадиган тушумлар – 90-ўрин (+17);
-
Юқори технологиялар экспорти – 85-ўрин (+14);
-
Стартап ва скайлапларни молиялаштириш – 6-ўрин (+13);
-
Янги бизнеслар/ Юникорнлар баҳоси – 36-ўрин (+13);
-
Креатив товарлар экспорти – 54-ўрин (+11);
-
QS рейтинги бўйича энг юқори учталик университетларнинг ўртача баҳоси – 63-ўрин (+11);
-
Таълим учун давлат ҳаражатлари (ЯИМ га %) – 24-ўрин (+10).
Шуни қайд этиш керакки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ мамлакатимиз 2030 йилга қадар мазкур индексда ТОП-50 талик давлатлар рўйхатига кириши белгиланган. Эришилган ютуқлар қатори мазкур йўналишда қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳам мавжуд албатта. Бу бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда.
