Энг яхши ихтирочи ва рационализаторларни танлаймиз!
2025-08-14 18:20:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ихтирочилик ва рационализаторлик бўйича ўтказиладиган кўргазмалар доирасида Ихтирочилик ва рационализаторлик кўрик-танлови эълон қилинмоқда.
Мазкур танловга аризалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 10 августдаги 440-сон қарори ҳамда 2022 йил 1 ноябрдаги 15-сон баёнида белгиланган талабларга мувофиқ қабул қилинади.
Танловга тақдим этиладиган ишланмалар ихтирочилик ва рационализаторлик кўрик-танловини ўтказиш бўйича электрон платформа (ixtiro.ilmiy.uz) орқали 2025 йил 14 сентябрга қадар электрон шаклда қабул қилинади.
Танлов шартлари.
1. Танловда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидан 16 дан 40 ёшгача бўлган ихтирочи ва рационализаторлар қатнашиш ҳуқуқига эга.
2. Танловда иштирок этиш истагида бўлган иқтидорли ёшлар Платформа (ixtiro.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтади.
3. Танловда иштирок этиш истагида бўлган ихтирочилар ва рационализаторлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиши;
аниқ бир ихтиро, фойдали модель ёки рационализаторлик таклифига эга бўлиши.
4. Танловга ҳудудларда ўтказилган ихтирочилик ва рационализаторлик кўргазмаларида иштирок этган таклифлар бўйича аризалар қабул қилинади. Бунда, кўргазмада иштирок этганлигини тасдиқловчи маълумот ёки расм Платформага алоҳида ҳужжат шаклида юкланди.
5. Илгари ўтказилган танловларда иштирок этган таклиф аризалари Танловдан четлаштирилади.
6. Ташкилотчилар ва ҳомийлик қилувчи ташкилотлар ходимларининг ҳамда Комиссия аъзоларининг яқин қариндошлари Танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас (улар ўзини ўзи рад қилган ҳолатлар бундан мустасно).
7. Танлов икки босқичда ўтказилади:
1-босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ташкил этилган кўргазмаларда иштирок этганлар орасидан танлаб олинган энг яхши ихтиро, фойдали модель ёки рационализаторлик таклифлар эгалари Танловнинг ҳудудий босқичи ғолиби деб топилади ҳамда республика босқичига йўлланма олади;
2-босқич – республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма олганлар “InnoWeek – 2025” – Инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги кўргазмасида иштирок этади ва улар орасидан танлаб олинган 3 нафар энг яхши ихтиро, фойдали модель ёки рационализаторлик таклифлар эгалари Танловнинг республика босқичи ғолиби деб топилади.
8. Танлов натижалари бўйича ғолиблар Платформада (ixtiro.ilmiy.uz) Республика комиссияси аъзоларининг овоз бериши орқали аниқланади.
9. Танловга тақдим қилинган ихтиро, фойдали модель ёки рационализаторлик таклифларини баҳолаш қуйидаги мезонлар бўйича амалга оширилади:
· энергия ва ресурсларни тежаш, замонавий технологиялар ва янги материаллар яратиш ҳамда улардан фойдаланиш;
· экологияга мослиги (атроф муҳитни ҳимоялаш бўйича муаммоларни ҳал қилиш);
· меҳнат шароитларини яхшилаш, инсонлар учун қулайлик яратиш;
· объектни ишлаб чиқилиш даражаси (фойдаланишга тайёрлиги: синов-саноат ёки дастлабки намуна ва б.)
· экспортга мўлжалланганлиги;
· импортнинг ўрнини босиши.
· ихтиро ёки фойдали моделга патент олинганлиги.
10. Аризаларни Платформа (ixtiro.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (pdf/doc) Платформага юкланади:
· ихтиро, фойдали модель ёки рационализаторлик таклиф асосидаги ишланма фотосурати ёки схемаси (pdf/jpeg).
· ихтиро, фойдали модель ёки рационализаторлик таклиф тавсифи матни (имзо қўйилган ҳолда, pdf ва унинг матн редактори дастуридаги (doc/docx) шакли);
· таклиф ташкилотда/жамоавий яратилган бўлса, таклифнинг танловда иштироки бўйича ҳаммуаллифларининг розилик хати (pdf);
· патент ёки рационализаторлик таклифи гувоҳномаси нусхаси (pdf);
· таклиф жорий этилган бўлса, литсензион келишув шартномаси нусхаси (pdf)
12. Ихтиро, фойдали модель ёки рационализаторлик таклифи маълумотлари Платформада (ixtiro.ilmiy.uz) тегишли бўлимларга киритилиши лозим.
Изоҳ: Платформанинг (ixtiro.ilmiy.uz) мажбурий (*) белгисидаги бўлимларига маълумотлар киритилмаган тақдирда, ариза танловга қабул қилинмайди.
Эслатма:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 10 августдаги 440-сон қарорига мувофиқ:
ишланмалар белгиланган талабларга мувофиқ техник экспертизадан ўтказилади;
Танловга тақдим этилган аризаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар Платформадаги (ixtiro.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида кўрсатиладиган интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
Танловга лойиҳа топширишда иштирокчи томонидан қуйидагилар:
1. Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни идентификация қилиш тизими (id.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтиши;
2. Идентификация рақами (ScienceID) орқали Платформа (ixtiro.ilmiy.uz)га кириши ва лойиҳа талабномасини шакллантириш лозим.
Ишланма муаллифи бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган аризалар танловга қабул қилинмайди.
Аризаларнишакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходими: +99871 203-32-23 (244, 416).
