Янги авлод базальт технологиялари
2025-08-13 10:55:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан базальт хомашёси асосида янги инновацион маҳсулот ва технологияларни яратиш ва жорий этиш мақсадида илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастури доирасида бажариладиган амалий тадқиқотлар танлови эълон қилинмоқда.
Мазкур танловга лойиҳа талабномалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ “Архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик фанлари” ҳамда “Техника фанлари” йўналишлари бўйича қабул қилинади.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали 2025 йил
1-октабрга қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
1. Танловга бажарилиши икки ва уч йилга мўлжалланган амалий тадқиқотлар бўйича талабномалар қабул қилинади.
2. Лойиҳа талабномасига “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашининг хулосаси илова қилинади. Бунда, кенгашнинг хулосаси электрон платформага алоҳида ҳужжат шаклида юкланди.
3. Танловда илмий-тадқиқотлар ўтказиш учун имконияти ва салоҳияти мавжуд илмий фаолият субъектлари иштирок этиши мумкин. Илмий фаолият асосий фаолият турига кирмайдиган ташкилотлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар танловдан четлаштирилади.
4. Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин. Агар лойиҳа раҳбари томонидан амалда илмий лойиҳа бажарилаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида бир турдаги иккита лойиҳага раҳбар бўлишига йўл қўйилмайди ва ушбу ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган лойиҳалар қабул қилинмайди.
5. Лойиҳа доирасида бажариладиган тадқиқот якунида кутиладиган натижани “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига амалиётда фойдаланиш учун тақдим этилиши шарт. Ушбу ишлар лойиҳани асослаштиришда назарда тутилмаган тақдирда танловдан четлаштирилади.
6. Лойиҳа талабномасида интеллектуал мулк объектлари учун тегишли ҳужжатлар олиниши, нуфузли илмий журналларда ва Web of Science ҳамда Scopus маълумотлар базасида индексацияланган журналларда илмий мақолалар чоп этилиши назарда тутилиши керак.
7. Илмий лойиҳа ҳужжатларини Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (pdf) Электрон платформага юкланади:
ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (pdf);
Антиплагиат хулосаси (pdf).
8. Тақдим этилган лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.
Изоҳ: Ижрочи ташкилот лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйилганлиги ҳақида ваколатли тузилманинг (хизматнинг) хулосаси тақдим этилмаган тақдирда, лойиҳа талабномаси танловдан четлаштирилади.
9. Лойиҳалар белгиланган тадқиқот шакли, бажариш даври ҳамда лойиҳа қийматларидан келиб чиқиб шакллантирилиши лозим.
10. Лойиҳа қиймати бажариш даври бўйича қуйидаги миқдорлардан ошмаслиги лозим:
бажарилиши икки йил бўлган лойиҳа – базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 500 баробаригача;
бажарилиши уч йил бўлган лойиҳа – БҲМнинг 4 500 баробаригача.
11. Лойиҳани бажариш билан боғлиқ харажатлар лойиҳа қиймати доирасида базавий ҳисоблаш миқдори бўйича, бунда:
лойиҳанинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бараварида кўрсатилади;
лойиҳа қийматини сунъий равишда оширишга йўл қўйилмайди;
лойиҳа иштирокчиларининг иштирок этиш улуши (ставка миқдори) уларнинг лойиҳадаги вазифасига мутаносиб бўлади (масалан, лойиҳага тўлиқ ставкада жалб этилган ижрочи лойиҳага асосий штатдаги ходим сифатида расмийлаштиришни назарда тутади ва бошқа ташкилотларда тўлиқ ставкада ва асосий иш жойида ишламайди);
Эслатма:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорига мувофиқ:
лойиҳа доирасида ажратилган маблағлар илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек, иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 40 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хом ашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилади;
лойиҳа доирасида автотранспорт воситаларини харид қилишга йўл қўйилмайди.
Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасидаги (loyiha.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида кўрсатиладиган интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
Танловга лойиҳа топширишда лойиҳа раҳбари томонидан қуйидагилар:
1. Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни идентификация қилиш тизими (id.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтиши;
2. Идентификация рақами (ScienceID) орқали Платформа (loyiha.ilmiy.uz)га кириши ва лойиҳа талабномасини шакллантириш;
3. Тақдим этиладиган талабномалар, у фаолият юритаётган ташкилотнинг илм-фан ва инновацияга масъул раҳбар ўринбосари томонидан Платформа (loyiha.ilmiy.uz) орқали электрон тарзда тасдиқланиши лозим.
Илмий лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходими: +99871 203-32-23 (416, 116, 537).
