Андижон ёшлар технопаркида пресс-тур ташкил этилди
2025-07-16 19:30:00 / Янгиликлар

Андижон ёшлар технопаркида маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фаол ёшлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар технопаркнинг замонавий инфратузилмаси, техник имкониятлари, лабораториялари ҳамда “InnoX” дастурининг натижалари билан яқиндан танишдилар.
Мазкур технопарк Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги 313-сонли қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — ёшларни илм-фан, инновация ва замонавий технологиялар соҳасига жалб этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рақобатбардош касбларга ўргатишдан иборат.
Ўтган давр мобайнида технопарк томонидан 8 300 нафар ёшлар замонавий таълим, инновацион ва ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этилди. Бунда “InnoX” бизнес-инкубатор ва акселератор дастури муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. 2024-2025 йилларнинг шу кунгача бўлган даврида дастурнинг 3 та мавсум ташкил этилиб, 503 нафар ёшдан ариза қабул қилинди. Улардан 140 нафари дастурга жалб этилди, натижада 82 та стартап лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар 225 та маҳаллий ва халқаро грант дастурларига — жумладан, “President Tech Award”, “Akademik harakatchanlik”, “Tumar Venture Fund”, “Bo‘lajak olim”, “EcoExpo 2025”, “Aloqa Venture” каби танловларга йўналтирилди. Натижада, 29 та стартап лойиҳа умумий қиймати 8,31 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб қила олди.
2025 йил апрель ойида “Aloqa Venture” томонидан ташкил этилган “Инвесторлар куни” тадбирида технопарк иштирокчиларининг “SpaceAgro” ва “EduCompass” лойиҳалари ҳар бири 20 000 АҚШ доллари, “Tokcha” лойиҳаси эса 30 000 АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, малакали кадрлар етиштириш мақсадида вилоятдаги профессионал ва умумтаълим муассасалари билан ҳамкорликда “Келажак касблари” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида Андижон вилоятидаги 8 та профессионал ва 30 та умумтаълим мактабларининг 2 400 нафардан ортиқ ўқувчиси учун “Веб дастурлаш”, “График дизайн” ҳамда “SMM” йўналишларида 25 дан ортиқ маҳорат дарслари ўтказилди.
Бугунги кунда технопаркда 10 дан ортиқ замонавий йўналишлар — жумладан, “Веб дастурлаш”, “SMM”, “График ва веб дизайн”, “Компьютер саводхонлиги”, “Робототехника”, “Киберхавфсизлик”, “Мобил дастурлаш” бўйича ўқув курслари фаолият олиб бормоқда. Уларда ҳозирда 155 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Шунингдек, технопарк таркибидаги “FabLab” лабораторияси юқори аниқликдаги прототиплаш, 3D босма, металлга ишлов бериш, лазер технологиялари билан жиҳозланган. 2025 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида бу ерда 10 дан ортиқ муҳандислик ишланмалари ишлаб чиқилди. Лаборатория инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда — ҳозирги кунда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 15 та замонавий ускуна олиб келинган.
Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.







