“InnoWeek-2025” — Корея билан юқори технологик ва инновацион ҳамкорлик учун қулай платформа
2025-07-15 18:00:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги директори Ш.Ражаббаев Кореяга хизмат сафари давомида Геонгбук технопаркида бўлди.
Учрашув давомида технопарк фаолияти, хусусан, резидентлар учун яратилган шарт-шароитлар, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш дастурлари билан танишилди.
Шунингдек, Корея ҳукуматининг (ODA дастури) грант маблағлари асосида Фарғона ёшлар технопаркида амалга оширилаётган “Рақамли ишлаб чиқариш технологик маркази” лойиҳасида Геонгбук технопаркининг иштироки муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, жорий йилинг 9-11 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган “InnoWeek-2025” – Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида Корея павильонини ташкил этиш, унда кореялик корхоналар ва стартапларни таклиф қилган ҳолда инновацион маҳсулот ҳамда ишланмаларни намойиш этиш масаласи юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Маълумот учун, Геонгбук технопарки (GBTP) 1998 йилда ташкил этилган. У кичик ва ўрта бизнес ҳамда стартапларни ривожлантириш, илғор технология марказларини бошқариш ва минтақавий саноат сиёсатини ривожлантириш орқали маҳаллий иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди. Қолаверса, юқори технологияли экотизимларни қуриш учун глобал ҳамкорлар билан фаол ишлаш орқали саноат, илм-фан ва ҳукумат ўртасида муҳим кўприк вазифасини ўтайди.



