Ёш олимларимиз учун АҚШда мақсадли илмий стажировка ўташ имкониятлари яратилмоқда.
2025-07-04 18:00:00 / Янгиликлар

Шу кунларда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Жонибек Тавакалов АҚШнинг Техас штатида хизмат сафарида бўлиб турибди. Хизмат сафаридан кўзланган мақсад Ўзбекистонлик ёш олимлар учун АҚШнинг етакчи университетларида илмий стажировкаларни ташкил этишдан иборат.
Мулоқот натижасида Ўзбекистонлик ёш олимларнинг университетда илмий стажировка ўташларини ташкил этиш юзасидан Инновацион ривожланиш агентлиги, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва АҚШнинг энг йирик ва етакчи бўлган Техас штатининг “University of Texas at Dallas” (UTD) университети ўртасида меморандум имзоланди ҳамда “Texas A&M university” (TAM) ва “Rice university” (RICE) университетлари билан хорижий илмий стажировкаларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, ташриф давомида стажировка ўтовчилар учун мавжуд шароитлар ўрганилди.
Маълумот учун, UTD ва RICE университетлари нанотехнология, физика, материалшунослик ва муҳандислик соҳаларидаги, TAM университети эса ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги тадқиқотлари бўйича дунёда “QS” ҳамда “Times Higher Education” рейтингларида етакчи ўринларни эгаллаган. Университетлар замонавий инфратузилмага эга бўлиб, мазкур университетларда илм олиш истагида бўлган барча ёш олимлар ва талабалар учун кутубхоналар, лабораториялар, АйТи марказлари ва инновацион ўқув хоналари ташкил этилган.



