Халқаро рейтинг ва индексларни бирга тадқиқ этамиз!
2025-04-18 17:55:00 / Янгиликлар

Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши йиғилишининг 2025 йил 17 январдаги 14-сон баёнида белгиланган вазифалар илмий ечимига қаратилган Илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастури доирасида бажариладиган амалий тадқиқот лойиҳалари танлови эълон қилинмоқда.
Танловга келиб тушган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ “Иқтисодиёт фанлари” ва “Ҳуқуқ фанлари” фан йўналишлари бўйича эълон қилинади.
Лойиҳа тақдим қилинганда лойиҳа раҳбари ўз лойиҳаси тадқиқот йўналишидан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш йўналишини танлаши ва шу йўналиш бўйича тақдим қилиши лозим. Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали 2025 йил 10 июлга қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Лойиҳа расмийлаштириш шакли билан танишиш учун бу ерни босинг.
1. Лойиҳани амалга ошириш бошланган вақтда тузилган илмий жамоанинг ўртача ёши, қоида тариқасида, 45 ёшдан ошмаслиги керак. (Илмий жамоанинг ўртача ёши барча ижрочиларнинг ёшини ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади).
2. Танловда Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларга масъул илмий ташкилотлар иштирок этиши мумкин.
Халқаро рейтинг ва индексларга масъул бўлмаган илмий ташкилотлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар танловдан четлаштирилади.
Ижрочи ташкилот томонидан лойиҳа доирасида бажариладиган ишлар бошқа манбалардан молиялаштирилмаслиги шарт.
3. Танловда тақдим этиладиган лойиҳа талабномаси тегишли халқаро рейтинг ва индексларга масъул вазирлик ва идораларнинг қўллаб-қувватлаш хати орқали қабул қилинади.
Масъул вазирлик ва идораларнинг қўллаб-қувватлаш хати тақдим этилмаган тақдирда, амалий тадқиқот лойиҳа талабномаси танловдан четлаштирилади.
4. Талабномада лойиҳа якунида кутиладиган натижани тегишли халқаро рейтинг ва индексларга масъул вазирлик ва идораларга етказиш ҳамда амалиётда фойдаланиш учун қабул қилинганлиги тўғрисида хулоса олиш назарда тутилилган бўлади.
5. Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин.
Бир вақтнинг ўзида бир турдаги иккита лойиҳага раҳбар бўлишига йўл қўйилмайди
ва ушбу ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган лойиҳалар қабул қилинмайди.
6. Илмий лойиҳа ҳужжатларини Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (pdf/doc) Электрон платформага юкланади:
- ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма хат (pdf);
- ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (pdf);
- амалий лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, пдф ва унинг матн редактори дастуридаги (doc/docx) шакли).
7. Тақдим этилган лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.
Изоҳ: Ижрочи ташкилот лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйилганлиги ҳақида ваколатли тузилманинг (хизматнинг) хулосаси тақдим этилмаган тақдирда, амалий тадқиқот лойиҳа талабномаси танловдан четлаштирилади.
8. Танловга бажарилиши икки йил муддатга мўлжалланган амалий тадқиқот лойиҳалар қабул қилинади.
Белгиланга муддатдан ортиқ муддатларга режалаштирилган лойиҳалар дастлабки техник экспертизадан ўтказилмайди ва кўриб чиқилмайди.
9. Лойиҳани бажариш билан боғлиқ харажатлар лойиҳа қиймати доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5000 баробаригача режалаштирилади. Бунда:
амалий тадқиқот лойиҳасининг бажарилиши хусусиятидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 90-бандига асосан лойиҳа доирасида ажратилган маблағлар илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек, иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 20 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хом ашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилади;
лойиҳанинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бараварида кўрсатилади;
танловга тақдим этиладиган лойиҳани амалга ошириш учун сўралаётган умумий молиялаштириш ҳажмини (5-шакл) ҳисоблашда ҳаволага (https://loyiha.ilmiy.uz/site/example-docs) жойлаштирилган ҳисоб-китоб шаклидан фойдаланиш тавсия этилади;
лойиҳа қийматини сунъий равишда оширишга йўл қўйилмайди;
лойиҳа иштирокчиларининг иштирок этиш улуши (ставка миқдори) уларнинг лойиҳадаги вазифасига мутаносиб бўлади (масалан, лойиҳага тўлиқ ставкада жалб этилган ижрочи лойиҳага асосий штатдаги ходим сифатида расмийлаштиришни назарда тутади ва бошқа ташкилотларда тўлиқ ставкада ва асосий иш жойида ишламайди);
лойиҳа доирасида автотранспорт воситаларини харид қилишга йўл қўйилмайди.
10. Танловга топшириладиган лойиҳалар ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, комплекс фойдаланишга асосланган дастурий маҳсулотлар, веб платформалар ( мобил иловалар) яратишга қаратилган бўлса, камида уч йиллик “ҳостинг” ва “домен” (мобил илова бўлса, мобил иловалар дўконига жойлаштириш) харажатларини 5.4-шаклдаги “лойиҳанинг бошқа шу каби харажатлар” бандига киритиш лозим. Бундан ташқари лойиҳа доирасида ишлаб чиқиладиган якуний маҳсулотни техник қўллаб-қувватлаш ҳаражатларини қоплаш мақсадида ўз-ўзини молиялаштириш механизмини асослантириш ёки ижрочи ташкилотнинг техник қўллаб-қувватлаш ҳаражатларни қоплаб бериши бўйича кафолат хати илова қилиш талаб этилади.
Эслатма:
1. Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасидаги (loyiha.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида кўрсатиладиган интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
2. Танловга келиб тушган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
3. Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар лойиҳа раҳбарининг ягона идентификация тизими (id.egov.uz) орқали рўйхатдан ўтган шахсий кабинети орқали топширилиши шарт. Лойиҳанинг ижрочилари ёки лойиҳа раҳбари бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган илмий лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.
Илмий лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходими: +99871 203-32-23 (537, 132, 413).
