Сейсмология соҳасидаги муаммоларни бирга ҳал қиламиз!
2025-04-17 17:15:00 / Янгиликлар

Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган Илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастури доирасида бажариладиган амалий тадқиқот лойиҳалари танлови эълон қилинмоқда.
Танловнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 17 апрелдаги ПҚ-161-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажарилишида илмий ечимларни ишлаб чиқиш учун амалий тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган.
Танловга келиб тушган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ қуйидаги фан йўналиши бўйича эълон қилинади:
Лойиҳа тақдим қилинганда лойиҳа раҳбари ўз лойиҳаси тадқиқот йўналишидан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш йўналишини танлаши ва шу йўналиш бўйича тақдим қилиши лозим. Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали 2025 йил 16 июлга қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Лойиҳани расмийлаштириш шакли билан танишиш учун бу ерни босинг.
- Лойиҳани амалга ошириш бошланган вақтда тузилган илмий жамоанинг ўртача ёши, қоида тариқасида, 45 ёшдан ошмаслиги керак. (Илмий жамоанинг ўртача ёши барча ижрочиларнинг ёшини ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади).
- Танловда илмий-тадқиқотлар ўтказиш учун имконияти ва салоҳияти мавжуд илмий фаолият субектлари иштирок этиши мумкин. Илмий фаолият асосий фаолият турига кирмайдиган ташкилотлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар танловдан четлаштирилади.
- Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин.
Бир вақтнинг ўзида бир турдаги иккита лойиҳага раҳбар бўлишига йўл қўйилмайди ва ушбу ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган лойиҳалар қабул қилинмайди.
- Илмий лойиҳа ҳужжатларини Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (pdf/doc) Электрон платформага юкланади:
- ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма хат (pdf);
- ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (pdf);
- амалий лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, пдф ва унинг матн редактори дастуридаги (doc/docx) шакли;
- Тақдим этилган лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.
Изоҳ: Ижрочи ташкилот лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйилганлиги ҳақида ваколатли тузилманинг (хизматнинг) хулосаси тақдим этилмаган тақдирда, амалий тадқиқот лойиҳа талабномаси танловдан четлаштирилади.
- Танловга бажарилиши икки йил муддатга мўлжалланган амалий тадқиқот лойиҳалари қабул қилинади.
Белгиланга муддатдан ортиқ муддатларга режалаштирилган лойиҳалар дастлабки техник экспертизадан ўтказилмайди ва кўриб чиқилмайди.
- Лойиҳани бажариш билан боғлиқ харажатлар лойиҳа қиймати доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 4500 баробаригача режалаштирилади. Бунда:
амалий тадқиқот лойиҳасининг бажарилиши хусусиятидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 90-бандига асосан лойиҳа доирасида иш хақини тўлаш билан боғлиқ харажатлар лойиҳанинг умумий қийматида 60 фоиздан оширилмайди;
лойиҳанинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бараварида кўрсатилади;
танловга тақдим этиладиган лойиҳани амалга ошириш учун сўралаётган умумий молиялаштириш ҳажмини (5-шакл) ҳисоблашда ҳаволага (https://loyiha.ilmiy.uz/site/example-docs) жойлаштирилган ҳисоб-китоб шаклидан фойдаланиш тавсия этилади;
лойиҳа қийматини сунъий равишда оширишга йўл қўйилмайди;
лойиҳа иштирокчиларининг иштирок этиш улуши (ставка миқдори) уларнинг лойиҳадаги вазифасига мутаносиб бўлади (масалан, лойиҳага тўлиқ ставкада жалб этилган ижрочи лойиҳага асосий штатдаги ходим сифатида расмийлаштиришни назарда тутади ва бошқа ташкилотларда тўлиқ ставкада ва асосий иш жойида ишламайди);
лойиҳа доирасида автотранспорт воситаларини харид қилишга йўл қўйилмайди.
Эслатма:
- Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичида кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасидаги (loyiha.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида кўрсатиладиган интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
- Танловга келиб тушган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
- Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар лойиҳа раҳбарининг ягона идентификация тизими (id.egov.uz) орқали рўйхатдан ўтган шахсий кабинети орқали топширилиши шарт. Лойиҳанинг ижрочилари ёки лойиҳа раҳбари бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган илмий лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.
Илмий лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходими: +99871 203-32-23 (537, 132, 413).
