Ўзбекистон-Япония: инновацион ҳамкорликнинг янги истиқболлари
2025-06-13 14:45:00 / Янгиликлар

Япония билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш, илғор хориж тажрибасини ўрганиш ва тажриба алмашиш мақсадида Инновацион ривожланиш агентлиги директори Ш.Ражаббаев бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 9-14 июнь кунлари Японияга хизмат сафарини амалга оширмоқда.
Хизмат сафари доирасида Япония фан ва технология агентлиги (JST) вице президенти Шигео Моримото билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, Япониянинг илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш бўйича олиб бораётган сиёсати, “JST” томонидан илм-фанни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган дастурлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида “JST” билан ҳамкорлик алоқалини кучайтиришга, хусусан, халқаро молиялаштириш дастурлари (SCICORP, ASPIRE, SATREPS, Сакура) орқали ўзбек ва япон тадқиқотчилари, илмий ташкилотлари ўртасида коллоборацияни ривожлантиришга келишиб олинди.
Маълумот учун, “JST” Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технология вазирлиги (MEXT) ҳамда Фан ва технология кенгаши (CSTI) тасарруфидаги миллий илмий-тадқиқот агентлиги ҳисобланади. 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаларига илм-фан инфратузилмасини яратиш, илмий-тадқиқотларни молиялаштириш, “JST” томонидан қўллаб-қувватланган дастурлар орқали илмий натижаларни оммалаштириш ва инновацияларни илгари суриш (масалан, J‑STAGE, SATREPS, Сакура ва бошқа дастурлар) киради. Ташкилотнинг йиллик буджети 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Дунёнинг Париж, Пекин, Сингапур, Вашингтон каби бир қанча минтақаларида ваколатхоналари фаоли йўлга қўйилган.







