2024 йилги фаолият якунлари ва 2025 йил учун режалар муҳокама этилди
2025-04-10 17:00:00 / Матбуот анжуманлари

Инновацион ривожланиш агентлиги 2024 йил давомида илмий ташкилотлар фаолияти ва илмий салоҳиятини янада ривожлантириш, илм-фан, иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, илмий ташкилотларнинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда илмий фаолиятга оид давлат дастурларининг амалдаги молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича ҳуқуқий асосларни яратиш, шунингдек, ёшларнинг инновацион фаолият соҳасидаги билим ва кўникмаларини шакллантириш, инновацион йўналишдаги фундаментал, амалий тадқиқот, инновацион ҳамда стартап лойиҳаларини молиялаштириш борасида самарали фаолият олиб борди.
Агентлик томонидан 2024 йилда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 400,4 млрд сўмга тенг бўлган 365 та лойиҳа молиялаштирилди. (2023 йилда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 373,8 млрд сўмга тенг бўлган 325 та лойиҳа молиялаштирилган.) Хусусан, умумий қиймати 353,6 млрд сўмга тенг бўлган 246 та илмий лойиҳа, 6 млрд сўмга тенг бўлган 5 та тижоратлаштириш лойиҳаси, 39,9 млрд сўмга тенг бўлган 114 та стартап лойиҳа молиялшатирилди. Натижада жами 898 та янги иш ўрни яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 25 майдаги 313-сон қарорига мувофиқ Қорақолпоғистон Республикаси ва вилоятларда 13 та Ёшлар технопарклари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган эди. Аввалги йилларда уларнинг сони 6 тани ташкил этган бўлса, бугунги кун ҳолатига уларнинг сони 13 тага етказилди. Ҳозирда мазкур Ёшлар технопаркларида илмий ва инновацион фаолиятга қизиқиш билдирган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 34 650 нафар (2023 йилда 16 400 нафар) ёшлар қамраб олинган. Улар 3D дизайн, компьютер графикаси, робототехника каби 7 турдаги (2023 йилда 5 турдаги) ўқув курсларида таҳсил олиб келмоқдалар.
Шу билан бирга, ўтган йиллар мобайнида Ёшлар технопаркларида “InnoX” бизнес-инкубатор ва акселератор дастури йўлга қўйилди. Йил давомида унда иштирок этиш мақсадида 2 484 нафар (2023 йилда 1 115 нафар) ёшлардан ариза келиб тушган бўлиб, шундан 554 нафар (2023 йилда 245 нафар) лойиҳа ташаббускорлари саралаб олиниб, 4 ойлик “InnoX” ўқув дастурига қамраб олинди. Дастур якунида 326 та (2023 йилда 202 та) лойиҳа танлаб олиниб, 30 га (2023 йилда 20га яқин) яқин турли маҳаллий ва хорижий танловларга йўналтирилди. Натижада, битирувчилари томонидан умумий қиймати 27,4 млрд сўм бўлган 91 та стартап лойиҳалар, хусусан:
умумий қиймати 16,9 млрд сўм бўлган 38 та лойиҳа Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган танловлар доирасида;
умумий қиймати 8,5 млрд сўм бўлган 10 та лойиҳа хўжалик шартномаси асосида;
умумий қиймати 1,2 млрд сўм бўлган 37 та лойиҳа Ёшлар академияси томонидан ташкил этилган танловлар доирасида;
умумий қиймати 805,3 млн сўм бўлган 6 та лойиҳа инвесторлар ҳамда маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ташкил этилган грант танловлари доирасида молиялаштирилди.
2024 йилда илмий дастурлар доирасида молиялаштириш учун жами 1 351 та (2023 йилда 805 та) илмий лойиҳа қабул қилиниб техник экспертизадан ўтказилди. Шундан 960 та (2023 йилда 564) лойиҳа илмий экспертиза жараёнига қабул қилинди. Якуний натижаларга кўра 889 та (2023 йилда 535 та) лойиҳа илмий экспертизадан муваффақиятли ўтди.
Инновацион лойиҳаларни техник ва илмий экспертизадан ўтказиш талаблари, жараёнда иштирокчиларнинг мустақиллиги ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлигини таъминлаш мақсадида “Loyiha.ilmiy.uz” платформаси яратилди.
Инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда маҳаллий ва ҳалқаро венчур ташкилотлар ва фондларнинг роли муҳим. Бугунги кунда, республикада жами 6 та Венчур фондлари фаолият олиб бормоқда. Жумладан, “UzVC” Миллий венчур фонди, “UZCARD” Ventures МЧЖ, “Semurg VC” МЧЖ, “Unicorns Venture Fund” МЧЖ, “Aloqa Ventures” МЧЖ, “Sturgeon Capital Ltd” венчур фондлари ва Ўзбекистон Венчур капитали ассоциацияси фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилотлар 2006-2021 йиллар оралиғида ташкил топган бўлиб, корхоналарнинг 5 таси маҳаллий, 1 таси хорижий венчур ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунга келиб, 6 та венчур компания томонидан умумий қиймати 6,84 млн АҚШ долларига тенг бўлган 50 та лойиҳа молиялаштирган.
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан илмий инновацион фаолиятни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таҳлилларга назар солсак 2021 йилда илм-фанни рақамлаштириш бўйича мавжуд платформалар бор йўғи 3 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилга келиб 10 тага етказилди ва актив фойдаланувчилар сони 85 600 (2021-2023 йилларда 44 100 нафар) нафарни ташкил этмоқда. 2021 йилда тизимда қоғоз шаклидаги ҳужжатлар сони 78 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб 35 фоизни ташкил этмоқда. 2026-2027 йилларга қадар электрон платформалар сонини 40 тага, актив фойдаланувчилар сонини эса 140 000 нафарга етказиш орқали мазкур кўрсатгични 15 фоизга етказиш режалаштирилган.
Матбуот анжумани давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.






