ЯНГИЧА ФИКРЛОВЧИ АВЛОД МАМЛАКАТНИ ҲАРАКАТЛАНТИРУВЧИ КУЧ
2026-07-17 18:00:00 / Янгиликлар

ЯНГИЧА ФИКРЛОВЧИ АВЛОД МАМЛАКАТНИ ҲАРАКАТЛАНТИРУВЧИ КУЧ
Яқинда фан, таълим, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришган, ихтиро ва стартап лойиҳалари билан мамлакат тараққиётига ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшлар “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Уларнинг аксарияти халқаро ва республика миқёсидаги илмий-инновацион танловлар, олимпиадалар, фестивал ҳамда мусобақаларда юқори натижаларга эришган, инновацион ташаббуслари билан ажралиб турган иқтидорли ёшлар.
Сувдан оқилона фойдаланиш имконияти ошади
Фотимабону ҲАЙДАРОВА, Бухоро давлат техника университети таянч докторанти: — Ўзбекистонда сув ресурслари чеклангани қишлоқ хўжалигида жиддий муаммо. Анъанавий суғориш кўп сув талаб қилади ва шўрланиш хавфини кучайтиради. Биз ишлаётган “Ярим чўл ҳудудларда сув тежовчи Groasis Waterboxx технологияси асосида псаммофитларни етиштириш услубиятини тажриба асосида баҳолаш” лойиҳаси эса айни шунга йўналтирилгани билан аҳамиятли. Лойиҳамиз Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Академик ҳаракатчанлик” дастурида ғолиб бўлди. “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланганим эса мамлакатимизда изланган, интилган ёш ҳаракати эътибордан четда қолмаслигига яна бир мисол бўлди.
Лойиҳа доирасида дала шароитида тажрибалар ўтказилади, таҳлиллар қилинади ва илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилиши кутиляпти. У чўлланиш жараёнини секинлаштириш ва ерларни қайта тиклаш имконини беради. Қумли ва деградацияга учраган майдонларда саксовул, қандим, черкез, юлғун каби псаммофит ўсимликларни муваффақиятли етиштиришда қўл келади. Бу эса шамол эрозияси ҳамда қум кўчишининг олдини олишга хизмат қилади.
Технология Оролбўйи ҳудудларини кўкаламзорлаштиришда муҳим восита бўлиши мумкин. Шунингдек, у иқлим ўзгаришига мослашиш имконини ҳам оширади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса мазкур технология боғлар, ҳимоя ўрмонзорлари ва агроўрмончилик тизимларини барпо этишда катта аҳамиятга эга. Бу ерлардан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва сув харажатларини камайтириш имконини яратади.
Иқтисодий жиҳатдан қарилганда, технология кўчатларнинг қуриб қолишини камайтиради, суғориш харажатларини қисқартиради ва “яшил иқтисодиёт” ҳамда экологик лойиҳалар учун инвестиция жалб қилиш имкониятини кенгайтиради. Уни дронлар, геоахборот тизимлари (ГИС) ва масофадан зондлаш технологиялари билан бирга қўллаш орқали кўчатнинг ўсиши ва ернинг экологик ҳолатини самарали мониторинг қилиш мумкин.
“Ўзфонемайзер” қандай дастур?
Гулшаҳноз МАҲМУДЖОНОВА, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таянч докторанти: — Бугунги кунда инглиз тилидаги Oxford ва Longman каби халқаро луғатларда ҳар бир сўзнинг фонетик транскрипцияси ҳамда талаффузини эшитса бўлади. Бу тил ўрганувчиларга сўзларни тўғри талаффуз қилиш учун муҳим. Аммо ўзбек тилидаги электрон луғатларда кўпинча фақат сўз ва унинг маъноси берилади, сўзнинг қандай талаффуз қилиниши, фонетик транскрипцияси ёки аудио намунаси эса мавжуд эмас. Шу сабабли ўзбек тилини ўрганувчилар, айниқса, хорижликлар сўзларни тўғри талаффуз қилишда қийинчиликка дуч келади. “Ўзфонемайзер” лойиҳасининг муҳим афзалликларидан бири ҳам айнан ўзбек тили электрон луғатларини фонетик транскрипция билан бойитиш ва уни амалиётга татбиқ этишдан иборат.
Бундан ташқари, овозли ёрдамчи ишлаб чиқяпмиз. Ҳозирги кунда ўзбек тилидаги овозли ёрдамчилар ва сунъий интеллект асосидаги мулоқот тизимлари турли соҳаларда қўлланилмоқда. Масалан, “Мухлиса” сунъий интеллекти давлат хизматлари порталларида, call-center тизимларида, овозни матнга ва матнни овозга айлантириш жараёнларида, шунингдек, фойдаланувчилар саволларига ўзбек тилида жавоб бериш каби вазифаларда ишлатилмоқда. Бундай технологиялардан фойдаланилаётганда робот сўзларни тўғри талаффуз қилиши, табиий интонация ва равон нутқ жуда муҳим ҳисобланади. Шу сабабли робот ёрдамчилар нутқини инсон нутқига яқинлаштириш ўзбек тили фонетикасини аниқ қоидалар асосида стандартлаштиришни талаб этади. Лойиҳамиз ана шунга йўналтирилган.
Лойиҳанинг биринчи боқичида ўзбек тилидаги сўзларни автоматик фонетик транскрипцияга айлантирувчи тизимни ишлаб чиқдик ва уни https://orfo.uz платформасига жойлаштирдик. Кейинги босқичда тўғри талаффуз бўйича овозли ёзувни киритмоқчимиз. Бу овозли ёрдамчи нутқини робот эмас, табиий, инсон нутқидек чиқариб беришга ёрдам беради. Мисол учун, ҳозир “Мухлиса” ва “Аиша” сунъий интеллектлари бор. Уларнинг талаффузи табиий чиқмайди. Чунки улар робот. Биз роботга табиий талаффузни ўргатамиз. Бу билан технологиялар даврида ўзбек тилининг софлигини бир оз бўлса-да сақлаб қоламиз.
Сифатли наъматак маҳсулоти етиштирилади
Мухлиса ТУРОПОВА, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети таянч докторанти: — Сурхондарё вилоятининг табиий-иқлим шароити доривор ўсимликларни етиштириш учун жуда қулай. Вилоятнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида табиий ҳолда учрайдиган наъматак ана шундай қимматли ўсимликлардан биридир. Унинг меваси таркибида витаминлар, органик кислоталар, минерал моддалар ва табиий антиоксидантлар кўп бўлиб, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ҳамда халқ табобатида кенг фойдаланилади.
Бугунги кунда наъматак плантацияларини кенгайтириш, ундан олинадиган маҳсулот миқдори ва сифатини ошириш муҳим вазифалардан бири. Бироқ ўсимликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи турли касаллик ва зараркунандалар мавжуд. Улар орасида тупроқ ва ўсимлик илдизларида яшовчи паразит нематодалар алоҳида хавф туғдиради.
Паразит нематодалар кўз билан кўриб бўлмайдиган, жуда майда юмалоқ чувалчанглар бўлиб, асосан, ўсимликнинг илдиз тизимини зарарлайди. Улар илдиз тўқималари билан озиқланиб, ўсимликнинг сув ва минерал моддаларни ўзлаштириш жараёнини бузади. Натижада наъматакнинг ўсиши секинлашади, барглари сарғаяди, новдалари заифлашиб, ҳосилдорлиги камаяди. Зарарланган ўсимлик қурғоқчилик, юқори ҳарорат ва бошқа ноқулай шароитларга чидамсиз бўлиб қолади. Лойиҳамиз ана шу муаммо ечимига қаратилган.
Тадқиқотлар давомида Бойсун, Сариосиё, Узун, Олтинсой ва бошқа тоғли ҳамда тоғолди ҳудудлардаги наъматакзорлар ўрганилиши кўзда тутилмоқда. Мазкур ҳудудлардан тупроқ, ўсимлик илдизи ва бошқа биологик намуналар олиниб, лаборатория шароитида текширилади. Натижада наъматак илдизи атрофида яшовчи нематодаларнинг тур таркиби, сони ва тарқалиш даражаси аниқланади.
Ҳар бир ҳудуд бўйича тупроқ тури, намлик, ҳарорат, ўсимликнинг ёши, ривожланиш ҳолати ва зарарланиш белгилари қайд этилади. Олинган маълумотлар асосида паразит нематодалар кўп учрайдиган хавфли ҳудудлар белгиланиб, уларнинг электрон харитасини яратиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати шундаки, паразит нематодаларга қарши курашишда кучли кимёвий воситалардан имкон қадар кам фойдаланилади. Наъматак — доривор ўсимлик. Етиштиришда маҳсулотнинг экологик тозалиги алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, лойиҳа доирасида фойдали бактериялар, замбуруғлар ва бошқа биологик воситаларни ишлатиш режалаштирилган. Бундай микроорганизмлар паразит нематодаларнинг тухумлари ва личинкалари ривожланишини чеклаши, сонини камайтириши ҳамда ўсимликнинг табиий ҳимоя хусусиятларини кучайтириши мумкин.
Тадқиқот жараёнида биологик воситаларнинг наъматак кўчатларига таъсири лаборатория, иссиқхона ва дала шароитида синовдан ўтказилиши режалаштирилган. Тажрибаларда ўсимлик илдизининг ривожланиши, новдалар ўсиши, баргларнинг ҳолати, мева ҳосилдорлиги ҳамда нематодалар сонининг ўзгариши мунтазам кузатиб борилади.
Биоinnovatsion агротехнология фақат биологик препаратлардан фойдаланишни эмас, балки барча фойдали агротехник тадбирларни ягона тизимга бирлаштиришни назарда тутади. Бунда соғлом кўчатлардан фойдаланишни, тупроқ унумдорлигини оширишни, органик ўғит ва биогумус қўллашни, суғориш тартибини тўғри ташкил этишни, зарарланган ўсимлик қолдиқларини майдондан чиқаришни ва алмашлаб экишни ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Мазкур лойиҳа ҳудудда доривор ўсимликлар етиштиришни ривожлантириш, янги наъматак плантацияларини ташкил этиш ва маҳаллий хомашё базасини кенгайтиришга ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятли. Сифатли наъматак маҳсулотини етиштириш эса фармацевтика ва озиқ-овқат саноати корхоналарини табиий хомашё билан таъминлаш имкониятини оширади.
“Янги Ўзбекистон” газетаси 2026 йил, 138-сон
