Энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади
2026-07-17 14:15:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги ПҚ–9-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Агентликда амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, мазкур қарорда белгиланган топшириқлардан келиб чиқиб, ходимлар ўртасида мутолаа маданиятини кенг оммалаштириш, китобхонликни кундалик фаолиятнинг ажралмас қисмига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани бидирилди.
Йиғилиш давомида Агентликда ҳар ҳафтанинг жума кунида “Китоб ўқиш соати”ни жорий этиш, “Китоб бурчаклари”ни ташкил қилиш, ходимларни бадиий, илмий-оммабоп ва касбий адабиётларни мутолаа қилишга кенг жалб этиш ва энг кўп китоб ўқиган ходимларни рағбатлантириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, китоблар муҳокамаси, муаллифлар билан учрашувлар, китоб алмашиш акциялари ва энг фаол китобхонларни рағбатлантириш каби ташаббусларни тизимли йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Таъкидланганидек, давлат раҳбарининг мазкур йўналишдаги топшириқлари ижросини самарали таъминлаш нафақат китобхонлик маданиятини юксалтириш, балки ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, таҳлилий фикрлаши ва касбий компетенцияларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Йиғилиш якунлари бўйича Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш, Агентликда китобхонлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, мутолаани корпоратив маданиятнинг муҳим таркибий қисмига айлантириш ҳамда бу борадаги амалий чора-тадбирларни изчил давом эттириш юзасидан тегишли хулосалар ва вазифалар белгилаб олинди.
Қайд этилганидек, китобхонликни ривожлантиришга қаратилган бундай ташаббуслар инсон капитали салоҳиятини юксалтириш, маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда инновацион фикрлайдиган, юксак билим ва дунёқарашга эга кадрларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.



