“Интеллектуал фаолият бўйича” республика танловининг Наманган вилояти босқичи ғолиблари аниқланди
2026-07-01 15:45:00 / Янгиликлар

Ёш олимларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, инновацион фикрлашини қўллаб-қувватлаш ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилган “Интеллектуал фаолият бўйича” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг яхши ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базаси” ҳамда “Энг яхши селекция ютуғи” номинациялари бўйича олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва ёш олимлар ўзларининг интеллектуал фаолият натижалари, инновацион ишланмалари ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектлари билан иштирок этдилар.
Тақдим этилган лойиҳалар ва ишланмалар экспертлар ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат комиссия томонидан инновационлиги, амалий аҳамияти, тижоратлаштириш имкониятлари ва ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги мезонлари асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, энг юқори кўрсаткичларни қайд этган иштирокчилар вилоят босқичи ғолиблари деб топилди. Ғолибларга сертификатлар топширилди ҳамда улар танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
