Қарши давлат университетида “Ёшлар наркотикларга қарши!” мавзусида маърифий-профилактик тадбир ташкил этилди
2026-06-19 17:50:00 / Янгиликлар

26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан Инновацион ривожланиш агентлиги Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда Қарши ёшлар технопарки ҳамкорлигида Қарши давлат университетида “Ёшлар наркотикларга қарши!” шиори остида кенг қамровли маърифий тадбир ўтказилди.
Университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этган ушбу учрашувдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш, аср вабосига айланган ушбу иллатнинг аянчли оқибатларини тушунтириш ҳамда ёш авлоднинг ҳуқуқий ва ижтимоий масъулиятини оширишдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида сўзга чиққан экспертлар наркотик ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, руҳияти ҳамда жамият равнақига етказадиган ҳалокатли зарарларини ҳаётий мисоллар орқали таҳлил қилиб, ушбу турдаги жиноятлар учун қонунчиликда белгиланган қатъий жиноий жавобгарлик чоралари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Мутахассислар бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларнинг замонавий билим ва технологияларни эгаллаши, инновацион ғоялар ҳамда стартап лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиши учун барча шароитлар яратиб берилаётганини, бундай имкониятлар даврида ҳар бир ёш ўз келажагига масъулият билан ёндашиб, зарарли иллатлардан йироқ бўлиши шартлигини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир якунларида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш баробарида, Қарши ёшлар технопарки имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда ўз интеллектуал салоҳиятларини намоён этиш, соғлом турмуш тарзини танлаб, тўғри йўлдан бориш бўйича муҳим тавсиялар олдилар.






