Ёш олимнинг геномика ва биохавфсизлик йўлидаги изланишлари
2026-06-16 15:55:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини назорат қилиш ҳамда ген муҳандислиги соҳасидаги замонавий ютуқлардан оқилона фойдаланиш дунё миқёсидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, генетик жиҳатдан ўзгартирилган организмлар (GMO) назорати, биохавфсизлик талабларини такомиллаштириш ва инновацион молекуляр-генетик технологияларни амалиётга жорий этиш бугунги илм-фан олдидаги муҳим масалалардан саналади. Ана шундай истиқболли йўналишларда изланиш олиб бораётган ёш олимлардан бири — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази катта илмий ходими Фарҳод Раджапов бўлиб, у #илмий_стажировка лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмонидир.
Ёш олим яқинда Татаристон Республикасининг Қозон федерал университети Фундаментал тиббиёт ва биология институтида «Қишлоқ хўжалиги хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларида GMOни аниқлаш» мавзусидаги тўрт ҳафталик халқаро илмий стажировкани муваффақиятли якунлаб, юртимизга қайтди. Мазкур стажировка нафақат унинг илмий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди, балки биохавфсизлик ва геномика йўналишларида халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда истиқболли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш имконини ҳам яратди.
Фарҳод Раджапов тадқиқотининг марказида замонавий молекуляр биология ва ген муҳандислиги технологиялари туради. Хусусан, у қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат таркибида генетик жиҳатдан ўзгартирилган организмларни аниқлашнинг замонавий усуллари, геном таҳлили ҳамда биоинформацион ёндашувларнинг имкониятларини чуқур ўрганмоқда.
Бугунги кунда молекуляр-генетик технологиялар GMO назорати ва биохавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим воситаларидан бирига айланиб бормоқда. Улар ёрдамида маҳсулотлар таркибидаги генетик ўзгаришларни аниқлаш, биологик намуналарнинг генетик таркибини таҳлил қилиш ҳамда хавфсизлик мониторингини самарали ташкил этиш мумкин.
Авваллари мураккаб ва кўп вақт талаб қиладиган лаборатория таҳлиллари бугунги замонавий технологиялар ёрдамида анча тез ва аниқ бажарилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати корхоналари маҳсулотлар сифатини назорат қилиш, биохавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда халқаро стандартларга мос фаолият юритиш имкониятига эга бўлмоқда.
— Стажировка давомида нуклеин кислоталарини ажратиб олиш ва таҳлил қилишнинг замонавий усуллари, полимераза занжир реакцияси (PZR) технологияларининг турли модификациялари ҳамда реал вақт режимидаги PZR асосида GMOларни аниқлаш методлари батафсил ўрганилди. Шунингдек, рекомбинант ДНК технологиялари, геномни таҳрирлашнинг инновацион воситалари, жумладан CRISPR/Cas9 тизими билан ишлаш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилди. Биоинформацион маълумотлар базалари ёрдамида нуклеотид кетма-кетликларини таҳлил қилиш ва геномик маълумотларни қайта ишлаш усуллари ҳам ўзлаштирилди. Бу билимлар биохавфсизлик назоратини такомиллаштириш ва замонавий генетик тадқиқотларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, — дейди ёш олим.
Фарҳод Раджаповнинг илмий қарашларида халқаро илмий ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин тутади. Стажировка давомида Қозон федерал университети раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда янги авлод секвенирлаш технологиялари (NGS) асосида геном тадқиқотларини ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Ёш тадқиқотчининг фикрича, илм-фан тараққиёти халқаро тажриба ва ҳамкорлик орқали янада жадаллашади.
Қозонда орттирилган тажриба, ўзлаштирилган замонавий лаборатория методлари ва эришилган илмий ҳамкорлик келишувлари келажакда Ўзбекистонда биохавфсизлик тизимини такомиллаштириш, GMO назоратини кучайтириш ҳамда геномика ва биоинформатика соҳаларида янги илмий ютуқларга эришишда муҳим омил бўлиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатимиз аграр сектори ва илм-фанининг инновацион ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.




