Инновацион ривожланиш агентлигида “Спорт куни” анъанаси йўлга қўйилган
2026-06-11 22:30:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлигида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда спорт маданиятини ривожлантириш мақсадида ҳафтанинг чоршанба куни “Спорт куни” сифатида ўтказилмоқда.
“Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ташкил этилаётган спорт машғулотларида Агентлик директори в.б. А. Норов ходимларга шахсий намуна кўрсатиб, улар билан биргаликда мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда. Бу эса жамоада соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилмоқда.
Спорт кунлари доирасида ходимлар турли жисмоний машқлар, стол тенниси, шахмат, шашка ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиб, фаол дам олиш имкониятига эга бўлмоқда. Мазкур ташаббус нафақат жисмоний саломатликни мустаҳкамлаш, балки жамоада ҳамжиҳатлик ва юқори кайфият муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Агентлик ходимлари учун мавжуд спорт инфратузилмасидан ташқари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университети билан келишган ҳолда мазкур олий таълим ташкилотларининг спорт майдонларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Инновацион ривожланиш агентлигида спортни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантириш, соғлом ва фаол жамоани шакллантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Чоршанба спорт кунлари эса бу йўналишдаги муҳим ташаббуслардан бири сифатида ходимларни соғлом турмуш тарзига чорламоқда.









