Ёш олимнинг яшил келажак сари изланишлари
2026-06-10 14:05:00 / Янгиликлар

Ёш олим яқинда Малайзиянинг нуфузли Султон Идрис университетида “Green Economy and Environmental Education” йўналиши бўйича халқаро илмий стажировкани муваффақиятли якунлаб, юртимизга қайтди. Мазкур стажировка нафақат унинг илмий салоҳиятини янада бойитди, балки Ўзбекистон учун муҳим бўлган янги илмий ва амалий ғояларни шакллантириш имконини ҳам берди.
Сарвар Абдурахмонов тадқиқотининг марказида замонавий рақамли технологиялар туради. Хусусан, у дронлар (UAV), рақамли экологик мониторинг тизимлари ва сунъий интеллект асосидаги ечимларнинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятларини ўрганмоқда.
Бугунги кунда дронлар оддий учувчи қурилма эмас, балки қишлоқ хўжалиги учун муҳим таҳлилий воситага айланиб бормоқда. Улар ёрдамида катта майдонлардаги экинларнинг ҳолатини қисқа вақт ичида кузатиш, тупроқ намлигини аниқлаш, шўрланиш даражасини баҳолаш ва ўсимликларнинг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилиш мумкин.
Авваллари бундай маълумотларни йиғиш учун кунлар, баъзан эса ҳафталар талаб этилган бўлса, бугунги технологиялар бу жараённи бир неча соат ичида амалга ошириш имконини бермоқда. Натижада фермерлар сув, ўғит ва бошқа ресурслардан аниқ ва самарали фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.
— Тадқиқот давомида рақамли экологик мониторинг тизимларининг афзалликлари ҳам батафсил ўрганилди. Ушбу тизимлар ер, сув ва ўсимликлар ҳолати ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида йиғиб, таҳлил қилиш имконини беради. Сунъий интеллект технологиялари эса тўпланган маълумотлар асосида муаммоларни олдиндан аниқлашга ёрдам беради. Масалан, экинларда касаллик тарқалиши ёки тупроқ деградацияси хавфи юзага келаётган бўлса, тизим бу ҳақда олдиндан сигнал бериши мумкин. Бу эса нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки экологик мувозанатни сақлашга ҳам хизмат қилади. Зеро, замонавий қишлоқ хўжалигининг асосий мақсади кўпроқ ҳосил олиш эмас, балки табиатга зарар етказмаган ҳолда юқори натижаларга эришишдир, — дейди ёш олим.
Сарвар Абдурахмоновнинг илмий қарашларида экологик таълим алоҳида ўрин эгаллайди. Чунки ҳар қандай технологик янгиликнинг муваффақияти, аввало, инсонларнинг экологик маданияти ва билим даражасига боғлиқ. Шу сабабли ёш тадқиқотчи яшил иқтисодиёт тамойилларини таълим тизимига кенг жорий этиш, ёшлар орасида экологик масъулиятни кучайтириш ҳамда инновацион технологияларни ўқитиш жараёнларига интеграция қилиш зарурлигини таъкидлайди.
Унинг фикрича, экологик таълим ва рақамли технологиялар бирлашган тақдирдагина жамиятда барқарор ривожланиш маданияти шаклланади. Бу эса келажак авлоднинг экологик онгли ва замонавий фикрлайдиган мутахассислар бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Малайзияда орттирилган тажриба, ўрганилган инновацион технологиялар ва ишлаб чиқилган илмий-амалий таклифлар келажакда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда барқарор ривожланишга эришишда муҳим омил бўлиши кутилмоқда.


