Илм-фан ва инновациялар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2026-06-03 19:35:00 / Янгиликлар

2026 йил 3 июнь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илм-фан ва инновациялар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашлар (ИТК) раислари ва котибларидан иборат қарийб 50 нафар соҳа вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари, Илм-фан ва инновациялар кенгаши раиси Ўктам Саломов очиб берди.
Кириш сўзида Кенгашнинг янгиланган таркиби таништирилди. Шунингдек, давлат илмий дастурлари доирасида танловларни ташкил этиш ҳамда илмий лойиҳаларни молиялаштиришнинг бугунги ҳолати юзасидан ахборот берилди.
Йиғилиш давомида давлат илмий дастурлари доирасидаги лойиҳаларни саралаш ва молиялаштириш жараёнлари атрофлича муҳокама қилинди. Инновацион ривожланиш агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи А. Норов мазкур жараёнларни таҳлил қилиб, Илмий-техник кенгашлар фаолиятида учраётган айрим муаммо ва камчиликларга тўхталди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни илгари сурди.
Шунингдек, йиғилишда иштирок этган Илмий-техник кенгаш вакиллари ўз йўналишларида илм-фанни ривожлантириш, илмий лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва соҳадаги мавжуд масалаларни ҳал этишга қаратилган амалий таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан Илмий-техник кенгашлар раислари ва котибларининг қўшимча фикр-мулоҳазалари тингланди.
Кенгаш раиси Ўктам Саломов муҳокамаларни якунлар экан, илмий лойиҳаларнинг шаффофлигини таъминлаш, танловлар сифатини янада ошириш ҳамда соҳадаги муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва вазифаларни белгилаб берди.
Маълумот учун, мазкур йиғилиш мамлакатда илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, давлат илмий дастурларини такомиллаштириш ҳамда инновацион ғояларни тизимли молиялаштириш механизмларини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди.







