Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва яшил инновацияларни жорий этиш бўйича йирик халқаро ҳамкорликка расмий старт берилди
2026-05-25 10:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 23 май куни Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.в.б. Асрор Норов ҳамда Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) бош директори, доктор Тарифа Ал Зааби ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Оролбўйи ҳудуди учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Оролбўйи минтақасида глобал иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва тупроқ шўрланиши каби ўткир муаммоларга қарши биргаликда курашиш ҳамда ҳудудда яшил инновацияларни кенг жорий этишга қаратилган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ҳамкорлик доирасида “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиймат занжирини ривожлантириш ва тижоратлаштиришга қаратилган фермерлар ҳамда агротадбиркорлар акселератор дастури” лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа Абу Даби тараққиёт жамғармасининг беғараз кўмаги (гранти) ҳисобидан молиялаштирилади.
Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уларни қайта ишлаш ва тайёр бозорга чиқаришгача бўлган барча босқичларни (қиймат занжирини) замонавийлаштириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, биодеҳқончилик йўналишидаги илмий ишланмаларни бизнесга жорий этиш ва аграр стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фермерлар, ёш мутахассислар ва агротадбиркорлар учун ICBA халқаро экспертлари иштирокида махсус ўқув-акселерация тизимини йўлга қўйиш мақсад қилинган.
Ушбу ҳамкорлик Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.


