Глобал тадқиқот кенгаши: Ўзбекистоннинг илм-фан дипломатиясидаги навбатдаги муҳим қадам
2026-05-22 17:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 21 май куни Бангкок шаҳрида бўлиб ўтаётган “Глобал тадқиқот кенгашининг 2026 йилги 14 йиллик йиғилиши”нинг якуний маросими бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли халқаро тадбирда Инновацион ривожланиш агентлиги вакили Наргиза Миррахимова “Барқарор ҳамжамиятлар учун илмий тадқиқотлар” мавзусидаги муҳокама йиғилишига модераторлик қилди.
Муҳокамалар давомида Осиё-Тинч океани минтақаси ҳамда бошқа ҳудудлардан ташриф буюрган делегатлар томонидан замонавий жамиятлар олдида турган мураккаб ижтимоий, экологик, технологик ва ривожланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда илм-фан ва инновацияларнинг ўрни юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, жамият билан ҳамкорликда амалга ошириладиган тадқиқотларни ривожлантириш, илмий фаолиятнинг ижтимоий таъсирини кучайтириш, сунъий интеллект ва очиқ илм-фан тамойилларидан самарали фойдаланиш ҳамда узоқ муддатли барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган молиялаштириш ва бошқарув механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар якунида барқарор ва инклюзив ривожланишни таъминлашга хизмат қилувчи илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор муҳим тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир якунида “Глобал тадқиқот кенгашининг 2027 йилги 15 йиллик йиғилиши”ни ўтказувчи давлат масаласи ҳам Глобал тадқиқот кенгаши томонидан кўриб чиқилди ва тасдиқланди.
Шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойида Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани минтақаси учун “Global тадқиқот кенгашининг минтақавий йиғилиши”ни ташкил қилиш учун Инновацион ривожланиш агентлиги Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этиши Глобал тадқиқот кенгаши томонидан расман маъқулланди.
Маълумот учун, ҳар йили Осиё-Тинч океани, Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳамда Саҳрои Кабирдан жанубий Африка минтақалари учун “Глобал тадқиқот кенгашининг минтақавий йиғилиши” ташкил этилади. Мазкур йиғилишларда халқаро илмий ташкилотлар, тадқиқот фондлари, инновацион агентликлар ҳамда илм-фан соҳасидаги ваколатли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда глобал муаммоларга илмий ечимлар ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қиладилар. Ушбу тадбир Корея Республикасининг Миллий тадқиқот жамғармаси ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида Кореянинг Сеул шаҳрида ташкил этилади.



