Наманганда “spin-off” корхоналарини ташкил этиш бўйича амалий семинар ўтказилди
2026-05-21 15:50:00 / Янгиликлар








Бугун, 21-май куни Turan International University олийгоҳида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 4-апрелдаги ПФ–54-сонли Фармони ижросини таъминлаш, илм-фан ва инновацион фаолиятни янада ривожлантириш, янги ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда инновацион экотизимни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирда вилоятдаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари проректорлари, директор ўринбосарлари, юридик ва молия хизматлари раҳбарлари, шунингдек, етакчи олим ва тадқиқотчилар иштирок этдилар.
Янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва иқтисодиёт тармоқлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Камалов ҳамда бош мутахассис Ж.Холиқуловлар иштирокида ўтган семинарда илм-фан ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, олий таълим муассасаларида яратилаётган янги ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда уларни иқтисодиёт тармоқлари билан интеграция қилишнинг долзарб аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, фармонга мувофиқ, эндиликда олий таълим ва илмий муассасалар муассислигида инновацион ишланмаларга асосланган “spin-off” корхоналарини ташкил этиш имконияти яратилди. Ушбу ташаббус илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, уларни тижоратлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари билан интеграцияни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Семинар давомида шунингдек, “spin-off” корхоналарини ташкил этиш тартиби, мавжуд имтиёзлар, молиялаштириш механизмлари ҳамда инновацион лойиҳаларни бозорга олиб чиқиш бўйича амалий тушунтиришлар берилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Шу каби семинарлар республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги олий таълим муассасаларида ҳам ўтказилиши белгиланган.
