#Матбуот_саҳифаларида
2026-05-21 10:55:00 / Янгиликлар

ЗАМОНАВИЙ ДАСТУР ВАҚТНИ ТEЖАБ, АНИҚЛИКНИ ОШИРЯПТ
У орқали эндиликда ошқозон саратонининг эртароқ олдини олиш мумкин
Ҳар қандай қулайлик, янги ғоялар қийинчиликларга ечим сифатида дунёга келади. Америкалик таниқли актриса Jessica Alba ҳам болалигидан аллергик касалликлардан азият чеккани боис, ўзининг кимёвий моддалардан холи, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниясига асос солган. Айтмоқчи бўлганимиз — инсон ҳаётига, соғлиққа дахлдор муаммоларни енгиллаштирадиган лойиҳалар амалиётга тез татбиқ этилади. Зеро, дарднинг яхши-ёмони йўқ.
Оддий деб биладиганимиз — аллергия, кундалик бош оғриғининг ҳам олдини олмасак, оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун бугунги кунда касалликларни барвақт аниқлаш усуллари устида кўплаб изланишлар қилиняпти.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан республикамиз миқёсида ўтказиб келинаётган Олима аёллар форуми доирасида ўтган йили ошқозон саратонини барвақт аниқловчи лойиҳа 710 миллион сўмлик грантга лойиқ кўрилган. Бугун у инновацион ечимга айланди. Зеро, лойиҳага йўналтирилган маблағ тиббий таҳлил жараёнини янги босқичга олиб чиқишга, эрта ташхис қўйиш имкониятларини қарийб 20 фоиз оширишга хизмат қила бошлади. У орқали ошқозоннинг эндоскопик тасвирлари чуқур таҳлил қилиниб, нафақат саратонга хос ўзгаришлар, балки бошқа патологик ҳолатлар ҳам аниқланмоқда. Тизим инсон кўзи илғамайдиган майда деталларни ажратиб кўрсата олиши билан аҳамиятли.
Дунё миқёсида ошқозон саратони тарқалиши ва ўлим даражаси бўйича 5-ўринда, Ўзбекистонда эса 2-ўринда туради. Ушбу касаллик бир кунда ёки тўсатдан пайдо бўлмайди. У узоқ вақт давом этадиган касалликлар ва омиллар натижасида босқичма-босқич ривожланади. Сурункали гастрит (ошқозон яллиғланиши) ошқозон ярасига айланади, ошқозон шиллиқ қавати ингичкалаша бошлаганидан сўнг ҳужайралар назоратсиз тарзда кўпайиб, ўсма ҳосил қилади.
Лойиҳа шу маънода ҳам муҳим саналиб, саратонни эрта аниқлаш ва тиббиётда сунъий интеллектдан кенг қамровли фойдаланиш борасидаги вазифаларга айнан мос. Асосий мақсад — тасвирларга рақамли ишлов бериш, эндоскопик видеотасвирларда ошқозон яралари ва саратонини аниқлаш алгоритмлари ҳамда дастурий воситасини ишлаб чиқиш орқали гастроэнтерологияда ташхислаш сифатини ошириш. Соддароқ айтганда, дастур ошқозон яралари ва саратонни таниб олиш ва аниқлаш сифатини оширишга ҳамда шифокор томонидан ўтказиб юборилиши мумкин бўлган ҳолатларни камайтиришга хизмат қилади.
— Дастурни ишлаб чиқиш ғояси гастроэнтерологлар фаолиятида кўпроқ учрайдиган қийинчиликлар, хусусан, аниқ ташхис қўйиш билан боғлиқ муаммолар сабаб туғилди, — дейди лойиҳа раҳбари Kamola Abdurashidova.
— Лойиҳамиз доирасидаги дастурни шу йил март ойида якунига етказдик ва яхши натижалар олдик. Айни пайтда у шифокорларга ошқозон-ичак касалликларини аниқлашда ёрдам беряпти. Ҳозиргача тахминан юздан ортиқ беморда қўлланилди. Анъанавий усулдаги ташхис вақти 20–30 дақиқа бўлса, дастур билан 5–7 дақиқада ташхис қўйишга эришиляпти.
Тўғри, дастур шифокорнинг ўрнини босолмайди, бироқ ўша мутахассисга тезкор ва аниқ қарор қабул қилишда ёрдамчи ҳисобланади.
Лойиҳа устида шифокор, кичик ва катта илмий ходимлардан иборат ўнга яқин аёл бир жамоа бўлиб ишлади. Бу назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаб, дастурнинг ишончлилигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлди.
Лойиҳа раҳбари доцент Kamola Abdurashidova Ulster Universityда тиббиётда сунъий интеллектдан фойдаланиш борасидаги ишлар билан ҳам танишди. Tashkent University of Information Technologiesда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи сифатида ишлаб келаётган қаҳрамонимиз илмий тадқиқот билан шуғулланиш баробарида олийгоҳнинг компьютер тизимлари кафедрасида дарс беради. Шунинг учун унга чет элдаги университетда ошқозон саратонини аниқлашдаги илмий янгиликлар ва эришилган натижалар юзасидан маъруза ўқиш қийин кечмади.
Олима, шунингдек, Ulster University билан PhD дастурлари бўйича грантлар олиш, Computer Science ва Game Development йўналишларида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш каби ишлар юзасидан музокаралар ўтказди. Яқинда ҳамкорлар ҳам Tashkent University of Information Technologiesга ташриф буюрди. Илмий тадқиқотлар юзасидан фикр ва тажриба алмашилиб, қўшимча келишувларга эришилди. Ажабмаски, бу ҳамкорлик яқин келажакда яна кўплаб касалликларни барвақт аниқлаш борасидаги дастурларга хизмат қилса.
Tashkent University of Information Technologiesда олима аёллар сафи тобора кенгайиб боряпти. Биргина Олима аёллар форумида олийгоҳнинг тўрт нафар олима аёли лойиҳалари учун грант ютиб олгани бунинг исботи. Кўкрак бези саратонини сунъий интеллект ёрдамида барвақт аниқловчи дастур ҳам айнан шу олийгоҳ олимаси бошчилигидаги хайрли ишлардан бири бўлганди.
Ошқозон саратонини барвақт аниқлаш борасидаги лойиҳа иштирокчиларидан бири Sayyora Iskandarovaнинг айтишича, ҳар бир профессор-ўқитувчи ўзининг илмий иш йўналишига эга бўлиши керак. Бунинг учун бугун барча шароитлар мавжуд. Илм-фан билан шуғулланаётган аёллар алоҳида қўллаб-қувватланяпти. Шундай имкониятлар даврида у яхши бир дастурни яратишга таклиф этилганидан миннатдор.
— Мазкур лойиҳа билан кўплаб ижобий натижаларга эришдик, — дейди Sayyora Iskandarova. — Шифокор беморни текшираётган вақтда зондни икки-уч марта юттиришга, ўша видеотасвирни қайта-қайта кўришга мажбур бўлади. Дастуримиз эса видеотасвирларни компьютерга ёзиб, уларни ўзи таҳлил қилиб беради. Бу шифокорнинг ҳам, беморнинг ҳам вақтини олмайди. Агар шифокор ёш, тажрибасизроқ бўлса ёки чарчаган ҳолатида ҳам сунъий интеллект моделлари унинг хато қилишига йўл қўймайди.
Лойиҳа етакчиси эса дастурнинг энг аҳамиятга молик жиҳати тизимнинг ўз-ўзини ривожлантириш имконияти борлигида дея баҳолади. Аслида ҳам бу энг муҳим жиҳат. Дастурдан қанча кўп фойдаланилса, у шунчалик такомиллашиб, ривожланиб боради. Эндоскопдан олинган тасвирлар қанча кўп юкланса, сунъий интеллект ўзини ўзи ўқитиб, ташхис қўйиш аниқлигини 100 фоизгача ошириши мумкин.
— Касалликнинг бошланғич ҳолатларда аниқланиши унга олдинроқ даво чоралари кўрилиб, кейинги оғир ҳолатларга ўтмаслигини таъминлайди, — дейди суҳбат сўнгида Kamola Abdurashidova. — Бундай имкониятнинг борлиги ҳам бир бахт, аслида. Хайрли ишларга сабабчи бўлиш бизга жуда катта масъулият беради. Соғайиб кетиши аниқ бўлган беморлар билан биз ҳам бахтни бирдек ҳис қиламиз. Зеро, ҳар қандай лойиҳа иштирокчилари учун энг муҳим натижа технология эмас, инсон ҳаёти. Биргина беморнинг соғлиғини асрашга хизмат қилган лойиҳа ҳам муаллифлар учун катта ютуқ ҳисобланади.
Эзгу ниятда жамланган битта жамоанинг меҳнати билан юзлаб, минглаб инсонлар соғлиғи тикланар экан, бундай жамоалар кун сайин кўпайиши керак. Уларга ҳар қанча грантлар ажратилса, меҳнатлари ҳар қанча эъзозланса кам. Интеллектуал салоҳиятли аёлларимиз кўпаяверсин. Ажабмас, қизларимизни ўқитиш орқали жамиятга қандай фойда келтиришимиз мумкинлигини улар тимсолида янада теранроқ англаб борсак.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

