Обуда университетида академик ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
2026-05-12 18:45:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги, Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази, Қарши давлат техника университети ва Олмалиқ давлат техника институти вакилларидан иборат делегациямизнинг Венгрияга хизмат сафари давомида илм-фан ва таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, хусусан Erasmus дастурлари доирасида талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Обуда университетида кечган учрашувда Европа ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янги мазмун касб этаётгани қайд этилди.
Музокаралар давомида икки томон ўртасида академик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, таълим дастурларини уйғунлаштириш ҳамда талабалар учун халқаро академик алмашинув имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, Erasmus лойиҳалари доирасида талабалар ҳаракатчанлигини ошириш, уларни Европанинг етакчи университетларида таҳсил олиш имкониятларини кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди. Шу орқали ёш мутахассисларнинг халқаро тажрибага эга бўлиши ва замонавий таълим стандартларини ўзлаштириши кўзда тутилмоқда.
Таъкидланишича, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон олий таълим тизимида халқаро интеграция жараёнларини янада жадаллаштириш, илмий салоҳиятни ошириш ва янги авлод мутахассисларини тайёрлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди.


