Талаба-ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича семинар ташкил этилди
2026-05-08 13:15:00 / Янгиликлар

Олий таълим муассасаларида инновацион фаолиятни ривожлантириш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларнинг рақамли тадбиркорлик кўникмаларини ошириш мақсадида “Рақамли стартаплар” дастурига бағишланган семинар ташкил этилди.
“Инно” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида ўтказилган тадбирда олий таълим муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, талабалар ҳамда стартап ташаббускорлари фаол иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчиларга инновацион ғояларни стартапларга айлантириш босқичлари, рақамли стартап экотизимини шакллантириш, инкубация ва акселерация марказлари фаолиятини ривожлантириш, лойиҳаларни тижоратлаштириш ҳамда стартапларни инвесторларга самарали тақдим этиш бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Мутахассислар томонидан замонавий стартап лойиҳаларини шакллантиришда креатив фикрлаш, жамоа билан ишлаш, бозор таҳлили ва технологик ечимларнинг аҳамияти ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Шунингдек, ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмлари, мавжуд грант дастурлари ҳамда стартап экотизимида юзага келаётган янги имкониятлар юзасидан тавсиялар билдирилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, стартап лойиҳаларини ривожлантириш ва амалиётга жорий этиш бўйича зарур тавсиялар олди.
Семинар якунида олий таълим тизимида инновацион фаолиятни янада кенгайтириш, ёшлар стартапларини ривожлантириш, илм-фан ва бизнес интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни инновацион экотизимга фаол жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.




