Ўзбекистонда технопарклар ривожининг янги босқичи: Корея тажрибаси асосида миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда
2026-05-07 18:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 7 май куни Инновацион ривожланиш агентлигида Кореянинг Фан ва технология сиёсати институти (STEPI) экспертлари билан навбатдаги амалий учрашув бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот 2025–2027 йилларга мўлжалланган “Технопарклар бўйича Ўзбекистон миллий стратегияси” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Корея Республикасининг K-Innovation ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилаётган ушбу лойиҳага 450 минг АҚШ доллари миқдорида беғараз кўмак маблағлари йўналтирилган. Мақсад — Жанубий Кореянинг технологик ютуғида муҳим ўрин тутган технопарклар моделини Ўзбекистон шароитига мослаштириш ва миллий стратегияни шакллантиришдир.
Жорий йилнинг 4–7 май кунлари давом этган STEPI экспертларининг ташрифи давомида Ўзбекистондаги технопаркларнинг инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сифати ва дуч келаётган тўсиқлари атрофлича ўрганилди. Стартапларни қўллаб-қувватлаш, бизнес-инкубация тизимини такомиллаштириш ва инновацион экотизимга хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Янги стратегия натижасида маҳаллий технопарклар фаолияти янгича ёндашув асосида ташкил этилади. Бу нафақат кўрсатилаётган хизматлар жозибадорлигини оширади, балки мамлакатимизда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш учун пойдевор бўлади.
Маълумот учун: K-Innovation ҳамкорлик дастури 2014 йилда Фан ва технология сиёсати институти (STEPI) томонидан Корея ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида фан, технологиялар ва инновациялар сиёсати ҳамкорлиги платформаси сифатида бошланган. Ўзбекистон ушбу дастурда 2014 йилдан буён биринчи марта ғолиб бўлди.
Фан ва технология сиёсати институти (STEPI) 1987 йилда ташкил этилган Корея Республикасининг ҳукумати томонидан молиялаштириладиган тадқиқот ташкилоти ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси миллий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва глобал рақобатбардошликни ошириш учун фан, технология ва инновациялар соҳаларида сиёсий тадқиқотлар ва таҳлилларни таъминлашдан иборат. STEPI дунёнинг энг нуфузли таҳлил марказлари рейтингида юқори 5-ўринни эгаллаб келмоқда.







