Ўзбекистон ва ICBA: Қорақалпоғистонда барқарор қишлоқ хўжалиги янги босқичда
2026-05-06 17:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 6 май куни Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.в.б Асрор Норов ҳамда Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) бош директори, доктор Тарифа Алзааби ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Қорақалпоғистонда барқарор қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, Ўролбўйи ҳудудининг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда Абу-Даби Тараққиёт Жамғармаси кўмагида Қорақалпоғистон Республикасида ICBA билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа натижалари таҳлил қилинди. Хусусан, ташкил этилган тажриба майдонлари, шўрга чидамли экин турларининг маҳаллийлаштирилиши ҳамда тежамкор суғориш тизимларининг татбиқ этилиши экологик мураккаб ҳудудларда барқарор деҳқончиликни ривожлантиришда муҳим пойдевор бўлаётгани алоҳида эътироф этилди. Томонлар лойиҳа доирасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш ва инновацион ечимларни амалиётга тўлиқ жорий этиш механизмларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мулоқот давомида иқлимга чидамли ҳамда ресурс тежовчи қишлоқ хўжалигини барпо этиш Ўзбекистоннинг стратегик устувор вазифаси экани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари бошчилигида илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш, интеллектуал салоҳиятни иқтисодиётнинг реал секторига самарали интеграция қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти қайд этилди.
Музокаралар натижасида, инновацияларни бевосита амалиётга татбиқ этиш мақсадида, Нукус шаҳридаги технопаркда 200 нафар қорақалпоғистонлик фермер учун ICBAнинг махсус ўқув дастурини йўлга қўйиш юзасидан келишиб олдилар. Унда фермерлар шўрланган тупроқ шароитида юқори ҳосилдорликка эришиш ва сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича энг сўнгги технологик ечимлар билан яқиндан танишадилар.





