Илм-фан сари халқаро қадам: ТОШВЗИТИ тадқиқотчиси Венгрияда илғор тажриба орттирди
2026-05-05 14:55:00 / Янгиликлар

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро илмий ҳамкорликдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида хорижий илмий ташкилотларда стажировка дастури тизимли равишда молиялаштирилиб келинмоқда. Мазкур дастур доирасида Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти (ТОШВЗИТИ) тадқиқотчиси Моҳинабону Савурова 2026 йил 16 февралдан 29 мартга қадар Венгриянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — «Debrecen» Университетида илмий стажировка ўтади.
Ушбу стажировка ёш олиманинг илмий салоҳиятини ошириш, замонавий лаборатория усуллари билан танишиш ҳамда илғор илмий ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш имконини берди. Амалий машғулотлар давомида у биотехнология ва фармацевтика йўналишларида долзарб ҳисобланган бир қатор илмий тадқиқотлар олиб борди.
Хусусан, Caco-2 ва HaCaT ҳужайра линияларида «in-vitro» тажрибалар ўтказилиб, наноэмульсия асосидаги дори етказиб бериш тизимларини ишлаб чиқиш ва уларнинг хусусиятларини ўрганиш бўйича изланишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, ҳужайра ҳаётийлигини аниқлаш мақсадида MTT assay, антиоксидант фаолликни баҳолаш учун эса DPPH assay усулларидан фойдаланилди. Биоактив моддалар самарадорлиги ва уларнинг цитотоксик хусусиятларини таҳлил қилиш ҳам тадқиқотнинг муҳим қисми бўлди.
Стажировка жараёнида Моҳинабону Савурова экспериментал дизайнни тўғри ташкил этиш, лаборатория жараёнларини оптималлаштириш, шунингдек, олинган натижаларни илмий ва статистик жиҳатдан таҳлил қилиш бўйича муҳим амалий кўникмаларга эга бўлди. Бу эса унинг келгусидаги илмий фаолиятида самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, бундай халқаро стажировкалар ёш олимларнинг илмий дунёқарашини кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва уларни миллий илм-фан ривожига татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур стажировка давомида орттирилган билим ва тажрибалар эса Ўзбекистонда биотехнология ва фармацевтика соҳаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.




