Жиззахлик олима Буюк Британиянинг Портсмут университетида илмий стажировка ўтаб қайтди
2026-04-28 20:25:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган илмий стажировка танлови ғолиби, Жиззах давлат педагогика университети доценти Анора Жабборова Буюк Британиянинг Портсмут университетида илмий малакасини ошириб қайтди.
Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилган дастур доирасида Портсмут университетининг ўқув жараёнлари, илмий тадқиқот методологияси ҳамда замонавий педагогик технологиялари ўрганилди. Стажировка давомида инглиз тилини ўқитишда аутентик материаллардан фойдаланиш ва талабаларнинг нутқ кўникмаларини ривожлантириш бўйича Британия тажрибаси таҳлил қилинди, шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари билан илмий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Шунингдек, хорижий университетнинг кутубхона ресурслари ва илмий маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда тадқиқот ишлари олиб борилди ҳамда икки олий таълим муассасаси ўртасидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Стажировка якунида бир қатор муҳим илмий-амалий натижаларга эришилди. Хусусан, замонавий тил ўқитиш методикаси ва “translanguaging” ёндашувини ёритувчи монография нашр этилди ҳамда “Scopus” базасидаги халқаро илмий журналда мақола чоп этилди. Олинган натижалар халқаро илмий семинар ва конференцияларда тақдим этилиб, мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Амалий жиҳатдан инглиз тилини ўқитишда интерактив технологияларни қўллаш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда янги ўқув материалларини яратиш учун илмий асос шакллантирилди. Мазкур натижалар Жиззах давлат педагогика университетида ўқув жараёнини модернизация қилиш ва халқаро тажрибани таълим тизимига жорий этишга хизмат қилади.



